
Тошкент шаҳар Янгиҳаёт тумани фавқулодда вазиятлар бўлими кичик инспектори маҳаллий МЧЖ раҳбаридан 1500 доллар олаётган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати томонидан қўлга олинди.
Тезкор тадбир ДХХ Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари ҳамкорлигида ўтказилди.
Тергов маълумотларига кўра, инспектор туманда фаолият юритаётган корхона ҳудудига ўрнатилган ёнғин хавфсизлиги воситаларини қабул қилиш тўғрисидаги далолатномани расмийлаштириб бериш эвазига ҳамкасблари орқали пул талаб қилган.
Инспекторга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «в» банди (Хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда содир этилган фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси 1-қисми (Пора беришда иштирокчилик) билан жиноят иши қўзғатилган.
Унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
ДХХ фуқароларни шу каби ҳолатларга дуч келганда 1520 қисқа рақамига қўнғироқ қилишга чақирди ва қўнғироқнинг махфийлиги кафолатланишини билдирди.