Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Авто 15/03/2026

Тошкентда «Гелендваген»да тезликни соатига 222 км гача оширган эркаклар 15 суткага қамалди (видео)

Тошкентда Mercedes-Benz G-класси (Geländewagen) автомобилида тезликни соатига 222 км гача оширган икки эркак 15 суткага ҳибсга олинди, деб хабар берди Ўзбекистон ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати.

Исматилло Комилжонов ва Шаҳзод Аҳмаджонов ижтимоий тармоқларда махсус мосламалар (мигалка) ўрнатилган автомобилда шаҳарда рухсат этилган тезликдан (60 км/соат) қарийб 4 баравар юқори тезликда ҳаракатланиб, хавфли манёврлар бажаргани акс этган видеони эълон қилишган. Видео 2026 йил 9 март куни Сергели туманидаги Файзий кўчасида суратга олинган.

ЙҲХХ маълумотларига кўра, эркаклар билан профилактик суҳбат ўтказилиб, уларга қилмишларининг «ҳуқуқий ва маънавий жиҳатлари тушунтирилган».

«Қилган ишимиздан пушаймонмиз. Бундай ҳолат бошқа қайтарилмайди. Бизга нисбатан қонуний чора кўрилди. Ҳеч кимга бундай қилишни тавсия қилмаймиз», — деди ЙҲХХ томонидан эълон қилинган видеода Исматилло Комилжонов.

«Иш бу даражагача боришини ўйламагандим, — деди Шаҳзод Аҳмаджонов. — Бизга қонун устуворлиги ва жазо муқаррарлигини ҳақиқатда кўрсатиб қўйишди. Худди шундай қилмоқчи бўлган бошқаларга буни маслаҳат бермайман. Яъни, йўл ҳаракати қоидаларини бузмасликни ва буни ижтимоий тармоқларга чиқармасликни сўрайман. Агар қилган ишларим билан кимгадир халақит берган бўлсам, минг бор узр сўрайман. Халқимдан ҳам узр сўрайман».

Бундан бир неча кун аввал пойтахтда тадбиркор Нозим Азизов 5 суткага ҳибсга олинган эди. Унинг 13 ёшли эгизак ўғиллари маҳалла ва кўчаларда турли машиналарни ҳайдаб, тезликни соатига 130 км гача оширишган. Уларнинг отаси болаларнинг хулқ-атворидан норози бўлган қўшниларни ҳақорат қилгани учун майда безориликда айбдор деб топилган. Автомобиллардан бири жарима майдончасига жойлаштирилган.

Февраль ойида Тошкентда BMW M4 бошқарувидаги 16 ёшли мактаб ўқувчиси Йўл-патруль хизмати ходимини уриб юборган, ходим кейинчалик ҳушига келмай вафот этган эди. Ўшанда Uzbelas Performance тюнинг-ательеси раҳбари Асадбек Жумаев ҳам ҳибсга олинганди. У машиналарга махсус сигналлар ўрнатганини ва ЙҲҚ бузилиши акс этган роликларни эълон қилганини тан олган эди.