
Туркияда ўлдирилган Дилафруз Чуллиеванинг жасади Ўзбекистонга олиб келинди, деб хабар берди мамлакатнинг Истанбулдаги бош консулхонаси.
Бундан бир ҳафта олдин Баликесир вилояти ОАВлари маҳаллий сув омбори ҳудудидан унинг жасади топилгани ҳақида ёзган эди. Дипломатик ваколатхона маълумотларига кўра, 2026 йил 25 январь куни самарқандлик 46 ёшли Дилафруз Чуллиева иш жойидан номаълум йўналишда чиқиб кетган ва бедарак йўқолган. Унинг ўғли Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг Консуллик-ҳуқуқий департаменти орқали мурожаат йўллаган.
Туркиянинг Sabah нашри хабар беришича, Дилафруз Чуллиева кекса ва бемор кишига қаровчи бўлиб ишлаган. У охирги марта 21 январь куни алоқага чиққан, шундан сўнг унинг телефони ўчирилган.
Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси ушбу мамлакат Ташқи ишлар вазирлигига нота юборди. Туркия Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда қидирув тадбирлари ташкил этилди. Қидирув ишлари, шунингдек, Ўзбекистоннинг Анқарадаги элчихонаси, Истанбулдаги бош консулхонаси, диаспора вакиллари, адвокатлар ва ижтимоий тармоқ фаоллари томонидан ҳам олиб борилди.
2026 йил 28 февраль куни Баликесирнинг ўрмонли ҳудудидан номаълум шахснинг жасади топилди. Жасад у ерда узоқ вақт давомида қолгани сабабли уни ташқи кўринишидан шахсини аниқлаш имкони бўлмаган. Шахсни тасдиқлаш учун топилган жасаддан ва марҳуманинг ўғлидан қон намуналари олинди. ДНК экспертизаси топилган жасад Дилафруз Чуллиевага тегишли эканини тасдиқлади.
Жиноятни содир этишда гумонланиб 4 киши қўлга олинган. Аёлнинг жасади Ўзбекистоннинг Истанбулдаги бош консулхонаси ва Миграция агентлиги кўмагида Ўзбекистонга қайтарилди. Туркияда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркияда Ўзбекистон фуқаролари Дурдона Ҳакимова ва унинг дугонаси Сайёра Эргашалиева ўлдирилган эди. Тергов талқинига кўра, аёлларни уларнинг танишлари — 31 ёшли Дилшод Турдимуротов ва 29 ёшли Ғофуржон Камалходжаев ўлдиришган. Улар жасадларни бўлакларга бўлиб, чиқинди контейнерларига ташлаб юборишган. Ҳар икки ўзбекистонлик қўлга олинган. Ушбу қотилликлар мамлакатнинг бир неча шаҳарларида, жумладан жиноят содир бўлган Истанбул ва пойтахт Анқарада аёлларнинг митингларига сабаб бўлган эди.