
Ўзбекистон ҳукумати Uzbekistan Airports, Транспорт вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги иштирокида давлат-хусусий шериклик (ДХШ) шартлари асосида янги «Бухоро» халқаро аэропортини қуриш ва бошқариш лойиҳаси доирасида малака сўровини (RfQ) тайёрлаш бошланганини эълон қилди.
Лойиҳа Бухоро туманидаги Қумсултон массиви ҳудудида янги аэропорт мажмуасини барпо этишни назарда тутади. Янги аэропорт ички ва халқаро рейсларга хизмат кўрсатади ҳамда минтақанинг асосий транспорт боғламларидан бирига айланади.
Uzbekistan Airports матбуот хизмати хабар беришича, 2025 йилда Бухоронинг амалдаги халқаро аэропорти 574 мингдан ортиқ йўловчига хизмат кўрсатган бўлиб, йўловчи оқимининг асосий қисмини халқаро рейслар ташкил этган.
Лойиҳа доирасида қуйидагиларни қуриш режалаштирилган:
- халқаро рейсларда соатига 1200 йўловчи ва ички рейсларда соатига 400 йўловчини ўтказиш қувватига эга бўлган, майдони 48,5 минг кв. м ли йўловчи терминали;
- кейтеринг биноси, турар жойлар ва юк майдончалари;
- сиғими 8000 кубометр бўлган ёнилғи қуйиш мажмуаси.
Аэродром инфратузилмаси давлат бошқарувида қолади. Хусусий шерик йўловчи терминали ва унга тегишли инфратузилмани қуриш ҳамда эксплуатация қилиш учун жавобгар бўлади, дейилади хабарда. Тендерда иштирок этиш учун шу каби лойиҳаларни амалга ошириш тажрибасига эга барча манфаатдор компаниялар таклиф этилади.
Лойиҳа ҳақида нималар маълум
2022 йил апрель ойида президент Шавкат Мирзиёевга давлат-хусусий шериклик асосида Бухоро халқаро аэропортининг янги терминалини қуриш лойиҳаси тақдим этилган эди. Хусусий шерикни тендер орқали танлаш режалаштирилган эди (2023 йил кузида).
Президент Шавкат Мирзиёев 2024 йилда Бухоро туманида янги аэропорт қуриш заруриятини шундай изоҳлаган эди:
«Бухоро аэропорти кичик. Маблағ топишга ҳаракат қилдик. Сифат ва муддатлар бўйича келишиб олдик. Аэропорт йилига 1 миллион йўловчини қабул қилади — бу жуда кам. Кеча Бухоро туманида қиймати 226 млн доллар бўлган, қуввати амалдагидан 3 баробар кўп бўлган янги аэропорт қурилишига старт берилди».
Яқинда аэропорт қурилишида Enter Engineering компанияси хусусий шерик бўлгани маълум бўлган эди. Ушбу лойиҳага янги инвесторларни жалб қилиш режалари ҳақида хабар берилган.