
Ўзбекистонда 2026 йилги «Ташаббусли бюджет» биринчи мавсуми доирасида овоз бериш босқичи бошланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазирлиги хабар берди.
Овоз бериш жараёни 2026 йил 20 март куни соат 23:59 гача давом этади. Ғолиб лойиҳалар 21 март — Наврўз байрами куни эълон қилинади. 21 мартдан 31 мартгача эса қўшимча ғолибларни эълон қилиш босқичи бўлиб ўтади.
Овоз беришда қуйидагилар орқали иштирок этиш мумкин:
- «Очиқ бюджет» порталида;
- порталнинг мобил иловасида (Android ва iOS);
- Telegram-ботда.
Жорий мавсумдан бошлаб лойиҳаларнинг максимал қиймати қуйидагича белгиланди:
- қурилиш ва таъмирлаш лойиҳалари учун — 1,648 млрд сўм (БҲМнинг 4000 баравари);
- жиҳозлаш лойиҳалари учун — 824 млн сўм (БҲМнинг 2000 баравари).
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларига ўз округларида ғолиб бўлолмаган биттадан лойиҳани қўшимча равишда ғолиб деб эълон қилиш имконияти берилади.
2026 йил 1 февралдан бошлаб аҳоли ва давлат шериклигига асосланган «Ташаббусли бюджет»нинг айрим лойиҳаларини биргаликда молиялаштириш тартиби жорий этилди. Агар аҳоли харажатларнинг ярмини ихтиёрий равишда ўз зиммасига олса, ушбу лойиҳа «Ташаббусли бюджет» доирасида ғолиб деб топилади ва қолган 50 фоизи республика бюджетидан қопланади. Шериклик дастури доирасида 1000 та лойиҳа молиялаштирилади.
Аввалроқ Сенат Кенгаши қарори билан «Ташаббусли бюджет»ни амалга ошириш тартибига ўзгартиришлар киритилган эди. Эндиликда лойиҳа кейинги босқичларда ҳисобга олиниши учун камида 50 та овоз тўплаши керак.
2026 йилда дастурни амалга ошириш учун 6 триллион сўм ажратиш кўзда тутилган. Шундан 496 миллиард сўми депутатлик ташаббуслари амалиётини жорий этишга, 506 миллиард сўми эса аҳоли ва давлат ўртасидаги биргаликда молиялаштириш шаклидаги ҳамкорлик лойиҳаларига йўналтирилади. Қонунчилик палатасининг ҳар бир депутати бир мавсумда биттадан лойиҳани қўшимча танлаш ҳуқуқига эга бўлади ва бунинг учун 3,3 миллиард сўмдан маблағ ажратилади.