Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш

Ўзбекистон ЖСТга аъзо бўлишда «нозик» соҳалар учун ўтиш даврларини сақлаб қолиши мумкин

Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлганидан кейин импорт божлари пасайиши мумкин, бироқ айрим «нозик» соҳалар учун 8 йилгача бўлган ўтиш даврлари муҳокама қилинмоқда. Бу ҳақда 2026 йил 17 февраль куни журналистлар билан бўлган суҳбатда президентнинг ЖСТ масалалари бўйича вакили, бош музокарачи Азизбек Урунов маълум қилди.

ЖСТга аъзо бўлгандан кейин автомобиль бозорида кутилаётган эҳтимолий ўзгаришларни шарҳлар экан, у ушбу соҳада либераллаштириш жараёни сўнгги йилларда бошланганини таъкидлади.

«Автомобиль соҳаси, албатта, кўпчиликни қизиқтиради. Лекин охирги 8–9 йилдаги тенденцияга қарасак, автомобиль бозорида сезиларли либераллаштириш бошланган. Ҳар бир давлатнинг ўз саноат сиёсати бор ва шу нуқтаи назардан ҳамма нарсани бир кунда ўзгартириб бўлмайди — бунга босқичма-босқич келинади», — деди Урунов.

Унинг сўзларига кўра, бозордаги ўзгаришлар кўчалардаги автомобиллар ранг-баранглигида ҳам сезилмоқда. «Илгари ҳатто кўчаларда асосан ўз автомобилларимизнинг икки-учта моделини кўриш мумкин эди. Ҳозир кўчага қарасангиз, деярли йўқ модель қолмади. Бу икки нарсадан далолат беради. Биринчидан, бу соҳада либераллаштириш жараёни бошланган. Иккинчидан, аҳолининг харид қобилияти ошган», — деб ҳисоблайди президент вакили.

Урунов, шунингдек, мамлакат аҳолиси сотиб олаётган автомобилларнинг ўртача нархи ошганини қайд этди. «Агар аҳоли сотиб олаётган автомобилларнинг ўртача нархига қарасак, у аввалги йилларга нисбатан сезиларли даражада ошган. Илгари ўртача 10–12 минг долларлик машиналар сотиб олинган бўлса, ҳозир ўртача нарх 20 минг доллар атрофида деб ўйлайман», — деди.

Нотариф чекловлар ҳақидаги саволга жавоб берар экан, у уларнинг айримлари ҳақиқатан ҳам протекционистик функцияни бажарганини тан олди, бироқ чораларнинг бир қисми 2025 йилнинг сентябрь ойидаёқ бекор қилинган.

Мисол тариқасида у хорижий сервисларга уланишни талаб қиладиган замонавий автомобилларнинг айрим функцияларини келтирди: «Масалан, баъзи замонавий автомобиль моделлари, хусусан, Хитойники бор. Уларнинг функцияларидан фойдаланиш учун Хитой СИМ-картасини сотиб олиш, тизимда рўйхатдан ўтиш керак ва шундан кейингина бу функциялар ишлайди. Лекин биз бундай функциялар Ўзбекистонда ҳам ишлаши учун шароит яратишимиз керак. Нима учун фуқароларимиз Хитой СИМ-картасини сотиб олиши ва тизимдан фойдаланиш учун йилига, айтайлик, 50–60 доллар тўлаши керак? Агар бу автомобиллар Ўзбекистон бозорида сотиладиган бўлса, демак, барча функциялар бизда ҳам мавжуд бўлиши керак».

Тариф сиёсати ҳақида гапирганда, Урунов автомобиллар учун импорт божлари аллақачон пасайганини қайд этди. «Агар импорт божларига қарасак, охирги 8 йил ичида улар икки баробарга камайди. Илгари ўртача бож 30 фоиз атрофида эди, бунга қўшимча двигатель ҳажмига қараб алоҳида тўловлар бор эди. Бу тўловлар ҳам икки баробардан кўпроққа қисқарди», — деди президент вакили.

Унинг сўзларига кўра, ЖСТга аъзо бўлишда Ўзбекистон ҳам бошқа мамлакатлар каби тариф сиёсатида муайян мослашувчанликни сақлаб қолишга интилмоқда. «Биринчидан, бу ҳар бир давлатнинг ҳуқуқи. Иккинчидан, ҳар бир давлат бунга ҳаракат қилади. Мамлакат ЖСТга кираётганда, музокаралар доирасида мажбуриятлар келишиб олинади — мамлакат қўллаши мумкин бўлган максимал даража белгиланади. Шу боис давлат бундай имкониятлар учун иложи борича кўпроқ жой сақлаб қолишга ҳаракат қилади. Лекин бу мамлакат протекционистик сиёсат юритади дегани эмас», — деб таъкидлади Азизбек Урунов.

Шунингдек, Урунов Ўзбекистондаги божлар даражаси ҳозирнинг ўзидаёқ қатор йирик давлатлар ташкилотга аъзо бўлган вақтдагидан пастроқ эканини айтди: «Ҳатто йирик давлатларни — Хитой, Ҳиндистонни оладиган бўлсак, улар Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлаётган пайтда импорт божларининг ўртача даражаси бизникидан тўрт-беш баравар юқори бўлган».

Шу билан бирга, айрим соҳалар учун ўтиш даврлари муҳокама қилинмоқда. «Умуман олганда, Ўзбекистонда божлар пасаяди. Лекин биз учун „нозик“ деб аталадиган соҳалар бор. Улар бўйича музокаралар давомида тарифларни либераллаштиришда уч, беш, етти, баъзи ҳолларда саккиз йилгача бўлган ўтиш даврлари ҳақида келишиб олдик».

Бундай соҳалар сифатида у қишлоқ хўжалиги, енгил саноат ва автомобиль саноатини тилга олди. «Бу қишлоқ хўжалиги, енгил саноат, автомобиль саноати бўлиши мумкин. Мен айнан шундай дейишга мажбурман, чунки ҳозир аниқ деталларни ошкор қила олмайман. Лекин умуман айтганда, бизда бозорга кириш шартлари сезиларли даражада соддалашади», — деди ЖСТ бўйича бош музокарачи.

Қонунчиликни ЖСТ талабларига мувофиқлаштириш ҳақидаги саволга жавоб берар экан, Урунов музокаралар жараёнида тартибга солишнинг бирор-бир хусусиятларини яшириш имконсиз эканини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, ҳамкор давлатлар Ўзбекистон бозорига кириш шартларини, жумладан, айрим компаниялар учун эксклюзив ҳуқуқлар ва преференцияларни синчиклаб ўрганмоқда.

«Ҳар бир давлат биз билан музокара олиб бораётганда, аввал бу масалаларни ўз бизнеси билан муҳокама қилади, шароитларни диққат билан ўрганади. Ва шундан кейингина биз билан музокарага киришади. Шунинг учун бу ерда бирор нарсани яшириш жуда қийин».

Давлат корхоналарига бериладиган субсидиялар ҳақида гапирганда, у ЖСТ бундай қўллаб-қувватлаш чораларининг шаффоф бўлишини талаб қилишини қайд этди. «Жаҳон савдо ташкилотининг субсидиялар бўйича алоҳида талаблари бор. Давлат ҳар йили ЖСТга субсидиялар бўйича ҳисобот беради: қайси соҳалар ва қанча миқдорда уларни олган. Агар бу субсидиялар даражаси ташкилотга аъзо бўлишда қабул қилинган мажбуриятлардан ошиб кетса, ЖСТ уларни мувофиқлаштиришни талаб қилади. Яъни, субсидиялар фақат келишилган мажбуриятлар доирасида берилиши мумкин», — деб тушунтирди Урунов.

KPMG Uzbekistan компанияси 2024 йил октябрь ойида Ўзбекистондаги автобозор таҳлилини ва автомобиллар нархи шаклланиши омилларини тақдим этган эди. Ўша вақтда божлар чет эл машинаси нархининг 70 фоизи ва ундан юқорисини ташкил этарди. Бозор ривожланишига тўсқинлик қилувчи тўсиқлар сифатида, шунингдек, сертификатлаштириш бўйича мураккаб талаблар ва ёқилғи билан боғлиқ муаммолар кўрсатилган.

2026 йил 1 январдан Ўзбекистонда двигатель ҳажми 1000 ва 1200 куб см гача бўлган кичик ҳажмли автомобиллар импорти учун имтиёзли божхона божлари амал қилишдан тўхтади. Имтиёзлар 2023 йилда рақобат муҳитини ривожлантириш ва енгил машиналар ҳамёнбоплигини ошириш учун жорий этилган эди.

2025 йил 1 майдан Ўзбекистонда электромобиллар учун утилизация йиғими миқдори кўп баробарга ошди. У машина ишлаб чиқарилган йилига қараб 45 миллиондан 78,5 миллион сўмгачани ташкил этади. Бунинг фонида чет эл машиналарининг ўртача нархи кескин кўтарилди (маҳаллий автомобиллар учун йиғим бўйича имтиёзлар мавжуд).