
Фарғона вилоятида чегарачилар ва божхоначилар Қирғизистонга олтин қуймаларини яширинча олиб чиқишга бўлган уринишнинг олдини олишди, деб хабар берди Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати.
Идора маълумотларига кўра, тезкор тадбир давомида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари Фарғона туманида яшовчи 30 ёшли фуқаро бошқарувидаги Damas автомобилини текширишган. У Қирғизистонга чиқиш мақсадида «Водил» чегара божхона постига етиб келган.
Текширув давомида автомобиль кузовида 4 та ностандарт шаклдаги олтин қуймалари борлиги аниқланган. Улар ашёвий далил сифатида олиб қўйилди. Экспертиза хулосасига кўра, қуймаларнинг соф вазни 1,2 килограммни ташкил этган. Уларнинг умумий қиймати 2,1 млрд сўмга баҳоланди.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 182-моддаси 2-қисми «а» банди (Божхона тўғрисидаги қонунчиликни жуда кўп миқдорда бузиш) билан жиноят иши қўзғатилди.
Аввалроқ Андижон вилоятида Қирғизистонга қиймати 819 млн сўмлик, вазни 473 грамм бўлган олтин қуймаларини ноқонуний олиб чиқишга бўлган уриниш аниқланган эди. ДХХ ва божхона ходимлари чегара постида икки кишини қўлга олишган, уларга нисбатан ҳам жиноят иши қўзғатилган эди.
Амалдаги қонунчиликка кўра, жисмоний шахсларга Ўзбекистондан божхона декларациясини тўлдирмасдан вазни 200 граммгача бўлган кумушдан ва 65 граммгача бўлган олтиндан ясалган тайёр заргарлик буюмларини олиб чиқишга рухсат берилади. Меъёрдан ортиқ вазндаги буюмларни фақат декларация асосида олиб чиқиш мумкин.