Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш

Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш муддати март ойидан кечикиши мумкин — Азизбек Урунов

Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш муддати март ойидан сурилиши мумкин, чунки айрим давлатлар ҳужжатларни кўриб чиқишни кечиктирмоқда. Бу ҳақда 2026 йил 17 февраль куни журналистлар билан бўлган суҳбатда президентнинг ЖСТ масалалари бўйича вакили, бош музокарачи Азизбек Урунов маълум қилди.

Аъзолик муддати март ойидан чиқиб кетиши мумкинми, деган саволга у шундай жавоб берди:

«Ҳа, мумкин. Декабрь ойида айтган хавотирларимизда ҳужжатларимизни кўриб чиқиш жараёнини чўзаётган баъзи давлатлар борлиги қайд этилган эди. Ҳозир уларни ошкор қилиш тўғри бўлмасди. Лекин бундай давлатлар бор ва бугунги кунда биз улар билан жараённи тезлаштириш ва келишувларга эришишга ҳаракат қилиб, музокаралар олиб боряпмиз».

Уруновнинг таъкидлашича, агар қарор фақат Ўзбекистонга боғлиқ бўлганида, мамлакат март ойидаёқ ташкилотга аъзо бўлишга тайёр бўларди.

«Бироқ, айтганимдек, бу бир томонлама жараён эмас. Унинг иккинчи томони ҳам бор. „Медалнинг иккинчи томони“ — бу ЖСТга аъзо мамлакатлар. Пировард натижада биз фақат уларнинг қарори асосида ташкилотга аъзо бўла оламиз», — деди.

ЖСТ қоидаларини истисноларсиз тўлиқ қабул қилиш ҳисобига аъзоликни тезлаштириш мумкинми, деган аниқлаштирувчи саволга Урунов мамлакат шундоқ ҳам ташкилотнинг барча нормаларини қабул қилишга мажбур эканини таъкидлади.

«Биз, албатта, ЖСТ қоидаларини қабул қиламиз. Бусиз ташкилотга кириш имконсиз».

Шу билан бирга, у истиснолар ташкилот келишувлари тизимининг бир қисми эканини қўшимча қилди.

«Истиснолар — бу ЖСТ келишувларининг ажралмас қисми. Ташкилотда ривожланган давлатлар, ривожланаётган давлатлар ва энг кам ривожланган давлатлар бор. Ҳар бир тоифа учун ўз шартлари кўзда тутилган. ЖСТнинг ҳар бир келишувида аниқ белгиланган қоидалар борки, улардан ташқарига чиқиб бўлмайди. Агар мамлакат ЖСТга кирса, демак у барча мажбурий талабларни бажаради. Шу боис, сиз айтаётган ҳеч қандай „ён босишлар“ бу ерда йўқ».

Ўзбекистон ЖСТга аъзо бўлиш жараёнини 2026 йилнинг март ойида бўлиб ўтадиган ташкилотнинг 14-Вазирлар конференциясига қадар якунлашни режалаштирган эди. Декабрь ойида Урунов Ўзбекистоннинг ташкилотга аъзо бўлиш жараёнида «кутилмаган секинлашишлар» хавфи борлиги ҳақида хабар берган эди. Унинг сўзларига кўра, ташкилотнинг айрим аъзолари Тошкентда жиддий хавотир уйғотадиган саволлар юбормоқда.

Йил бошида бош музокарачи Ўзбекистон ЖСТга аъзо бўлиш учун 30 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилгани ва яна қарийб 30 та ҳужжат тайёрланганини айтган эди. Икки томонлама музокаралар ташкилотнинг 34 аъзосидан 33 таси билан ўтказилган, фақат Тайвань билан музокаралар қолган.