
Ўзбекистон рақамли технологиялар вазирининг рақамлаштириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Олимжон Умаров эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.
У ушбу лавозимни 2024 йил июнь ойидан буён эгаллаб келаётган эди. Умаров фаолиятини Вазирлар Маҳкамасида бош вазир котибияти раҳбарининг ўринбосари сифатида давом эттиради.
Олимжон Умаров (1985 йилда туғилган, 2007 йилда Миллий университет ва 2017 йилда Жанубий Кореянинг Сонгюнгван университетини тамомлаган) 2020 йил май ойидан 2021 йил ноябрь ойига қадар бош вазирнинг ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси бўлган.
Бунга қадар у ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган — 2017 йил июнь ойидан 2020 йил май ойигача.
2006–2012 йилларда Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлигининг (кейинчалик Давлат алоқа қўмитаси, сўнгра Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, ҳозирда Рақамли технологиялар вазирлиги) UZINFOCOM компьютер ва ахборот технологияларини ривожлантириш ва жорий этиш марказида турли лавозимларда фаолият юритган.
2012 йилда ЎзААА Ахборот тизимлари ва ахборот ресурслари бўлимига раҳбарлик қилган. 2012–2017 йилларда вазирликнинг АКТ бошқармаси бошлиғи бўлган.