Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 13/03/2026

Ўзбекистон 10 мартдан Саудия Арабистони ва БААга йўловчи рейсларини тиклашга рухсат берди

2026 йил 10 мартдан бошлаб Ўзбекистондан Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликларига икки томонлама йўловчи рейсларига рухсат берилди. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди. Идора сешанба куни миллий ва хорижий авиакомпанияларга тегишли хат йўллади.

Эслатиб ўтамиз, 2025 йил 2 март куни аэронавигация маълумотлари тизимида (NOTAM) Ўзбекистондан Саудия Арабистонига Ўзбекистон ва қўшни давлатлар фуқароларини ташиш 18 мартгача тақиқлангани ҳақида хабарнома пайдо бўлган эди. Транспорт вазирлигининг хатига кўра, йўловчилар тури ва уларнинг фуқаролиги бўйича чекловлар бекор қилинади.

Саудия Арабистонига рейсларни амалга оширишда авиакомпаниялар ва аэропортларга умра мавсуми якунланаётганини ҳамда қироллик қонунчилигига мувофиқ, барча зиёратчилар ҳаж-2026 мавсуми бошланишидан олдин мамлакатни тарк этиши кераклигини ҳисобга олиш топширилди.

Шу муносабат билан, Uzbekistan Airports компаниясига Саудия Арабистонига учиб кетаётган барча йўловчиларнинг қайтиш авиачипталари мавжудлигини текшириш вазифаси юкланди. Қайтиш чиптаси бўлмаган йўловчилар рўйхати авиакомпаниялар ва туроператорлар кесимида ҳар куни шакллантирилиб, «Ўзавиация» агентлиги штабига юборилиши лозим.

Авиакомпанияларга, шунингдек, умра зиёратини амалга оширувчи йўловчиларни ташиш Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 12 октябрдаги 668-сонли қарори билан тартибга солинадиган зиёрат сафарларини ташкил этиш тартибига мувофиқ амалга оширилиши кераклиги эслатиб ўтилди.

Талабларга кўра, бундай йўловчиларни ташишга фақат Дин ишлари бўйича қўмита лицензиясига эга бўлган туроператорлар орқали йўл қўйилади. Туроператорларнинг зиёратчиларни ташиш бўйича шартномаларида рейс қайси авиакомпания томонидан бажарилишидан қатъи назар, ҳар бир йўловчига алоҳида бориш ва қайтиш авиачиптаси берилиши шартлиги белгиланиши керак.

Бундан ташқари, парвоз вақтида йўловчиларга хабар бериш тизими орқали туроператор ва турагентлар уларни бориш ва қайтиш чипталари, меҳмонхона ваучерлари, трансфер, овқатланиш ва суғурта полиси нусхалари билан таъминлаши шартлиги эслатиб турилиши лозим.

Йўловчиларга ўз туроператорлари билан алоқада бўлиб туриш ва аэропортга қайтиш чиптасида кўрсатилган вақтда етиб келиш тавсия этилади.

«Ўзавиация» агентлигига Саудия Арабистонидан қайтиш чиптасисиз учиб кетаётган йўловчилар ҳақидаги маълумотларни таҳлил қилиш ва зарурат туғилганда маълумотларни Дин ишлари бўйича қўмита, Туризм қўмитаси ва прокуратура органларига юбориш топширилди. Таҳлил давомида бориш ва қайтиш чипталари турли авиакомпаниялардан расмийлаштирилган бўлиши мумкинлиги инобатга олиниши керак.

Транспорт вазирлиги минтақадаги вазиятни доимий равишда кузатиб боришини ва зарур ҳолларда ҳукумат билан келишилган ҳолда қўшимча кўрсатмалар беришини маълум қилди.

2026 йил 10 март куни эрталабгача АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши ҳарбий ҳаракатлари бошланганидан сўнг жами 25 047 нафар фуқаро Ўзбекистонга қайтарилди.

Уруш бошланган 28 февралдан буён Баҳрайн, Қувайт, Сурия, Ироқ, Эрон, Қатар ва Исроил узра ҳаво ҳудуди ёпиқлигича қолган эди.