
Ўзбекистонда саломатликка, жинсий эркинликка, оилага, ёшларга ва одоб-ахлоққа қарши жиноят содир этган шахсларни доимий мониторинг қилиш учун crime map (жиноятлар картаси) юритилади. Бу ҳақда президентнинг 2026 йил 3 мартдаги фармонида сўз боради.
Ҳужжатда бундай шахсларнинг махсус реестрини юритиш тартибини такомиллаштириш ва улар устидан назоратни кучайтириш кўзда тутилган.
Уларнинг хулқ-атвори ва зўравонликка мойиллиги устидан тизимли кузатув ўрнатиш режалаштирилган. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, тиббиёт ва ижтимоий муассасалар улар учун хулқ-атворни тузатиш дастурларини ташкил этади ва иштирокини таъминлайди.
Бундай шахслар ҳақидаги маълумотлар яшаш жойидаги профилактика инспекторига ва тиббиёт муассасаларига тақдим этилади.
Вояга етмаганлар билан ишлайдиган давлат органлари ва ташкилотлари шахснинг реестрга киритилганлиги ҳақидаги маълумотларни олиш имкониятига эга бўлади. Бундан ташқари, бундай шахсларнинг вояга етмаганлар билан боғлиқ соҳаларда ишлашига чекловлар ўрнатиш режалаштирилган.
Қўшимча профилактика чоралари
2026 йил июнь ойига қадар зўравонликдан жабр кўрган болаларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш учун махсус тайёргарликдан ўтган адвокатлар рўйхати шакллантирилади. Оила институтини мустаҳкамлаш ва маиший зўравонликнинг олдини олишга қаратилган медиа маҳсулотларни яратишга креатив индустрия вакиллари, блогерлар ва инфлюенсерларни жалб этиш кўзда тутилган.
Эслатиб ўтамиз, ҳужжатда бир қатор қонунчилик ташаббусларини тайёрлаш ҳам белгиланган — вояга етмаганлар билан никоҳ қуришга даъват қилиш, ундаш ва тарғиб қилиш учун маъмурий жавобгарликни белгилаш, шунингдек, Оила кодексида никоҳ ёшини пасайтириш учун аниқ асосларни белгилаш шулар жумласидан.
Президент аввалроқ вояга етмаганларнинг жинсий эркинлигига қарши жиноятлар, улар билан жинсий алоқада бўлиш ва уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш учун илгари судланган шахслар томонидан қуйидаги жиноятлар содир этилган тақдирда жазо белгилаш тўғрисидаги қонун лойиҳасини тайёрлашни топширган эди:
- 14 ёшга тўлмаган шахсни зўрлаганлик учун — умрбод озодликдан маҳрум қилиш;
- 14 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий шаклда қондирганлик учун — узоқ муддатли озодликдан маҳрум қилиш.
2023 йил ноябрь ойида Вазирлар Маҳкамаси вояга етмаганларга нисбатан жинсий зўравонлик содир этган шахслар реестрини юритиш тартибини тасдиқлаган эди. Сенат раиси Танзила Норбоева реестрга киритилган шахсларни ишга қабул қилиш билан боғлиқ жараёнлар ушбу ахборот тизимидан олинган маълумотлар асосида назорат қилинишини таъкидлаган эди.