
Шаҳар ҳудудларининг реновацияси вайрон қилишни эмас, балки шаҳар муҳитини янгилашни назарда тутади ҳамда нафақат қурилишни, балки инфратузилма харажатлари ва келгусидаги хизмат кўрсатишни ҳам ҳисобга олиши керак. Бу ҳақда 2026 йил 5 март куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Урбанизацияни барқарор ривожлантириш ва уй-жой бозори миллий қўмитаси раиси Шерзод Қудбиев маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, жаҳон тажрибаси шаҳарларни янада ихчам ривожлантириш зарурлигини кўрсатмоқда. «Реновация вайрон қилишни эмас, янгиланишни англатади. Барча экспертлар ва жаҳон тажрибаси шуни кўрсатадики, шаҳарларни ривожлантиришда нафақат қурилишни, балки келгусидаги хизмат кўрсатиш харажатларини ҳам ҳисобга олиш муҳим», — деди.
Қудбиев режалаштиришда инфратузилмага тушадиган юкни ҳисобга олиш зарурлигини таъкидлади. «Шу нуқтаи назардан, шаҳарлар фақат горизонтал равишда кенгаймаслиги, балки тепага қараб ўсиши керак. Урбанизация айнан шуни англатади», — деди.
Шунингдек, у шаҳарлар кенгайиши натижасида қишлоқ хўжалиги ерларининг қисқариб бораётгани муаммосига тўхталди. «Агар шаҳарлар фақат горизонтал кенгаяверса, вақт ўтиши билан қишлоқ хўжалиги ерлари етишмай қолиши мумкин. Ҳозирнинг ўзидаёқ айрим ҳудудларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш учун ерлар камайиб бораётгани билан боғлиқ муаммолар юзага келмоқда», — деди қўмита раҳбари.
Унинг айтишича, шаҳарларни янги ҳудудлар ҳисобига кенгайтириш катта харажатларни талаб этади. «Агар қурилишни янги ҳудудларга кўчирсак, у ерга инфратузилма олиб бориш керак: йўллар, коммуникациялар, муҳандислик тармоқлари. Бу харажатларни сезиларли даражада оширади. Кейин эса ушбу ҳудудларга хизмат кўрсатиш масаласи келиб чиқади», — деб қайд этди Қудбиев.
Реновация ва 2040 йилгача бўлган мақсадлар
Қўмита раҳбарининг сўзларига кўра, реновацияда босқичма-босқич ёндашув қўлланилмоқда.
«60 фоиз ҳақида гапирганда, бу узоқ муддатли мақсад эканини тушуниш керак. Ҳозир жараён аста-секин, эволюцион тарзда кечади. Бугунги даражани аниқ айта оламан: 2025 йилда барча қурилиш лойиҳаларининг тахминан 15–16 фоизи реновация ҳудудларига тўғри келди. Мақсадимиз — 2040 йилгача бу кўрсаткични 60 фоизга етказиш», — деди.
Қудбиев суръатлар кўплаб омилларга боғлиқ бўлишини таъкидлади. «Кўп нарсани бозор ҳал қилиши керак, олди-сотди жараёнлари белгиланган қоидалар доирасида амалга оширилиши лозим. Мавжуд инфратузилма қувватлари етарлими ёки уни кучайтириш керакми — буларнинг барчаси мастер-режалар асосида босқичма-босқич амалга ошади», — деди.
Баланд қаватли қурилиш ва яшил зоналар
Қўмита раҳбари бош режадаги ўзгартиришлар муайян участкаларда қурилишни тақиқлаш ёки рухсат беришни англатмаслигини таъкидлади. «14 ой олдин бош режа тасдиқланганда, бу қайсидир ҳудудларда қурилиш умуман тақиқланганини билдирмасди. Гап ўша вақтда у ерда қурилиш қилиш мақсадга мувофиқ эмаслиги ҳақида борган эди», — деди.
Унинг айтишича, режалаштиришда қурилиш зичлиги ва инфратузилмага тушадиган юк ҳисобга олинади. «Қурилиш зичлиги ва инфратузилма юкини ҳисобга олган ҳолда, айрим жойларда баландроқ бинолар қуришга рухсат берилиши мумкин, лекин шу билан бирга қўшни ҳудудлар яшил зоналар ёки паркларга айлантирилиши керак. Бутун дунёда шаҳарлар айнан шундай қурилади», — деди Қудбиев.
У бундай ёндашув нуқтали қурилишни чеклашга имкон беришини қўшимча қилди. «Агар шу тамойилга амал қилсак ва ҳудудларни комплекс қурилиш учун очсак, нуқтали қурилишга қарши самарали кураша оламиз. Яъни бош режанинг бир жойида зичлик ортиши мумкин, бошқасида эса камаяди. Айтайлик, қаердадир 30 қаватли ёки 20 қаватдан баланд бинолар қуришга рухсат берилади, лекин ёнида қурилиш камаядиган ёки умуман бўлмайдиган ҳудудлар пайдо бўлади. Умумий зичлик сақланиб қолади», — деб тушунтирди Қудбиев.
Баланд қаватли қурилиш бўйича саволлар
Матбуот анжумани давомида журналистлар баланд қаватли қурилишнинг мақсадга мувофиқлиги масаласини кўтаришди. «Сиз замонавий урбанизациянинг асосий йўналиши — шаҳарларнинг вертикал ривожланиши, деяпсиз. Аммо сўнгги урбанистика тадқиқотларига кўра, гап нафақат вертикал қурилиш, балки мувозанатлашган қурилиш ҳақида кетмоқда», — деди журналистлардан бири.
У баланд қаватли қурилиш доим ҳам ўзини оқламаслигини, айниқса канализация, коммунал тармоқлар ва инфратузилмада муаммолар мавжуд шаҳарларда бу қийинлигини таъкидлади. «Тошкентда ҳозирнинг ўзида канализация ва электр энергияси билан боғлиқ муаммолар бор. Инфратузилма ҳали тайёр эмас. Аммо сиз 30–40 қаватли бинолар қурилишига йўл қўйяпсиз», — деди журналист.
Бундан ташқари, у бош режани ўзгартириш жараёнининг шаффофлигига шубҳа билдирди. «Шунингдек, бизга ушбу ўзгартиришлар киритилишига асос бўлган тадқиқотлар ёки демографик ҳисоб-китоблар тақдим этилмади. Шу сабабли, ўзгартиришлар жамият манфаатлари учун эмас, балки қурилиш бизнеси манфаатлари йўлида қилинган деб ҳисоблашга асосларимиз бор», — деди.
Қўмита раҳбари бу айбловларни рад этди. «Мен сизнинг фикрингизга мутлақо қўшилмайман. Ўзгартиришлар қайсидир тадбиркор манфаати учун қилиняпти деган фикрингизга асло қўшилмайман», — деди Қудбиев. У ўзгартиришлар шаҳарнинг жуда катта ҳудудини — 2000 гектардан ортиқ майдонни қамраб олишини таъкидлади. «Мантиқан буни қайсидир битта тадбиркор билан боғлаб бўлмайди. Минглаб гектарларни битта бизнес манфаатлари билан боғлашни нотўғри деб ҳисоблайман», — деди.
Қудбиев, шунингдек, гап ҳамма жойда баланд бинолар қуриш ҳақида кетмаётганини аниқлаштирди. «Мен шаҳар фақат горизонтал ўсмаслиги, балки тепага ривожланиши кераклигини айтдим. Бунда бош режада коэффициентлар — қурилиш майдонининг ҳудуд умумий майдонига нисбати мавжуд. Бу катта ҳудудлар тўлиқ баланд бинолар билан тўлдирилмаслигини англатади. Шу коэффициентлар асосида мастер-режалар ишлаб чиқилади ва қурилиш шу асосда амалга оширилади», — деди.
Эски даҳаларни янгилаш
Тошкентдаги эски турар жой даҳаларини янгилаш Tashkent City лойиҳасига ўхшаш ҳудудларни комплекс ривожлантириш тамойили асосида амалга оширилади, деди қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Шерзод Ҳидоятов.
«Реновация зоналаримизга мисол сифатида 2017 йилда бошланган Tashkent City ҳудудини эслаш мумкин. Ҳозир у ерда марказий яшил парк, атрофида эса турар жой мавзелари, иш жойлари, савдо объектлари ва ишбилармонлик инфратузилмаси бор», — деди.
Муҳандислик тармоқлари ва коммуникациялари эскирган маҳаллалар ҳам шу тамойил асосида янгиланади. «Энг муҳими — Тошкентда ҳам, бошқа ҳудудларда ҳам реновацияни кутаётган аҳоли бор», — деди Ҳидоятов. Унинг айтишича, масалан, Нурафшон кўчаси ва бошқа жойларда одамлар ўзларининг эски уйларини баҳолаб, янги лойиҳаларни амалга оширадиган тадбиркорларни кутишмоқда.
Барча бўлажак реновация лойиҳалари мастер-режалар асосида амалга оширилиши режалаштирилган. Консервация ҳудудлари ҳақидаги саволга жавоб берар экан, Ҳидоятов улар дастлаб тартибсиз қурилишнинг олдини олиш учун киритилганини тушунтирди. «Лекин келгусида бундай ҳудудлар ҳам мастер-режалар асосида ривожланиш учун очилиши мумкин», — деди у ва Роҳат кўли яқинидаги ҳудудни мисол қилиб келтирди. У ерда турар жойлар, мактаб, боғча, янги коммуникация тизими ва дам олиш масканлари назарда тутилган мастер-режа ишлаб чиқилган.
Эслатиб ўтамиз, ҳукумат 2026 йил 28 февраль куни Тошкент бош режасига 31 та йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун ўзгартиришлар киритган эди. 2311 гектар ерда уй-жойлар, меҳмонхоналар ва бизнес марказлари қурилиши белгиланган. Қурувчилар ҳудуднинг камида 30 фоизини яшил зоналар учун ажратиши шарт. Шунингдек, реновация тўғрисидаги қонун қайта ишланиши мумкинлиги айтилмоқда. Мутасаддилар «жамоат манфаатлари ёки бир мулкдор манфаати — қай бири муҳимроқ» деган масалани муҳокама қилишмоқда.