Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 13/03/2026

Тошкент бош режасига ўзгартиришлар тадбиркорларнинг буюртмаси билан киритилмайди — Шерзод Қудбиев

Қурилишни давом эттириш йўлида застройщикларга дарахтларни товон пули эвазига кесишга рухсат бериш таклифи кўриб чиқилмаган ва кўриб чиқилмайди. Бу ҳақда 2026 йил 5 март куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Урбанизацияни барқарор ривожлантириш ва уй-жой бозори миллий қўмитаси раиси Шерзод Қудбиев маълум қилди.

2025 йилнинг июль ойида тадбиркор Мурод Назаров дарахтларни кесишга мораторий мавжудлигига қарамай, қурилиш ишлари давомида техникалар кўпинча дарахтларга шикаст етказаётганини таъкидлаган эди. Унинг сўзларига кўра, тақиқлар «фақат коррупцияни кучайтиради» ва у тақиқлар ўрнига дарахтларни олдиндан экиш — «дарахтлар банки»ни ташкил этиш орқали мажбурий компенсация механизмини жорий этишни таклиф қилган эди. Экология вазирлиги бунга жавобан ҳеч қандай кўчат ўн йиллар давомида шаклланган катта дарахтнинг вазифасини боса олмаслигини билдирган. Вазирлик дарахтларни нобуд қилаётган айрим компанияларнинг «циник ихтирочилиги»ни қайд этиб, «симметрик жавоб бериш»га ваъда берган эди.

Қудбиев ўша учрашувда ўзи ҳам иштирок этганини ва журналистнинг бундай саволидан ҳайратда қолганини таъкидлади.

«Мен ҳам ўша йиғилишда қатнашган эдим. Очиғини айтсам, ҳар хил саволларни кутгандим, лекин бу саволни кутмагандим — ҳатто тасаввур ҳам қила олмасдим», — деди.

Қўмита раҳбари қурилиш учун дарахтларни кесишга рухсат бериш масаласи муҳокама қилинмаётганини урғулади.

«Дарахтларни кесишга рухсат бериш масаласи кўриб чиқилмаган ва кўриб чиқилмайди ҳам. Бизда шундоқ ҳам дарахтлар етарли эмас», — деди қўмита раҳбари.

Қудбиев, шунингдек, бош режага ўзгартиришлар айрим тадбиркорлар ташаббуси билан қабул қилиниши мумкинлиги ҳақидаги тахминга муносабат билдирди.

«Яъни сиз, очиқ айтадиган бўлсак, бош режага ўзгартиришлар қайсидир тадбиркорнинг буюртмаси билан киритилиши мумкин демоқчимисиз? Сиз шуни гипотетик жиҳатдан назарда тутяпсизми? Тўғри тушундимми? Мен тўла масъулият билан айтмоқчиман: йўқ, бундай бўлиши мумкин эмас», — деди Қудбиев.

Унинг сўзларига кўра, урбанизация қўмитаси ўша учрашувдан анча кейин ташкил этилган.

«Сиз айтаётган урбанизация қўмитаси ўша йиғилишдан кейин — 2025 йилнинг ноябрь ойида пайдо бўлди. Сиз тилга олаётган ўша йиғилиш эса, адашмасам, ёзда бўлган эди. Ўшанда мен бош режа масалалари билан шуғулланишимни тасаввур ҳам қила олмасдим», — деб қайд этди у.

Урбанизация қўмитаси раиси бош режага ўзгартиришлар айрим тадбиркорларнинг илтимосига кўра қабул қилинмаслигини таъкидлади. «Бунгача ҳам, бундан кейин ҳам ва ҳозир ҳам — ҳеч қайси тадбиркорнинг на илтимоси, на ташаббуси билан бош режага ўзгартириш киритилмайди», — деди.

Унинг айтишича, бош режанинг асосий вазифаси шаҳар аҳолисининг ҳаёт сифатини оширишдан иборат.

«Бош режанинг асосий мақсади — Тошкент мисолида аҳолининг ижтимоий-иқтисодий фаровонлигини таъминлаш. Гап кўпчилик одамларнинг фаровонлиги ҳақида кетмоқда. Кўпчилик одамлар яхшироқ яшаши керак», — деди Қудбиев.

У яхши ҳаёт деганда уй-жой ва шаҳар инфратузилмасининг қулайлиги тушунилишини тушунтирди.

«Яхши ҳаёт деганда нимани тушунамиз? Бу, авваламбор, нисбатан қулай уй-жой, ҳа, у арзон бўлмайди. Одамлар уйга ва уйдан ишга осон етиб олишлари керак. Асосий объектлар — дўконлар, дорихоналар, поликлиникалар, болалар боғчалари, мактаблар — 15 дақиқалик масофада бўлиши керак. Афсуски, ҳозир вазият ҳали бундай эмас, лекин биз шунга интилишимиз керак», — деди.

Бош режа ва мастер-режаларни ишлаб чиқишда айнан шу тамойил қарорлар асосини ташкил этади, деди идора раҳбари.

«Бош режага ўзгартириш киритиш ва мастер-режаларни тасдиқлашда бу бизнинг асосий устувор вазифамиз ҳисобланади. Ҳатто лойиҳа яхши ва фойдали бўлиб кўринса-да, лекин у одамларнинг ижтимоий-иқтисодий фаровонлигини оширишга қаратилмаган бўлса, уни қабул қилиш нотўғри бўлади, биз уни қабул қилмаймиз ҳам», — деб кўрсатди Қудбиев.

Эслатиб ўтамиз, ҳукумат 2026 йил 28 февраль куни 16,2 млрд долларлик 31 та йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун Тошкент бош режасига ўзгартиришлар киритган эди. 2311 гектар ерда уй-жойлар, меҳмонхоналар, бизнес марказлар ва саноат зоналари қуриш режалаштирилган. Девелоперлар ҳудуднинг камида 30 фоизини яшил зоналар учун ажратиши шарт. 140 гектар ерда жамоат парклари барпо этилади.