
Беларусь президенти Александр Лукашенко 2026 йил 9 март куни Минскда Ўзбекистоннинг ушбу мамлакатдаги элчиси Раҳматулла Назаров билан учрашди, деб хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати. Учрашувда Беларусь раҳбари Ўзбекистонга атом электр станцияси қурилишида беларуслик мутахассислар ёрдамини таклиф қилди.
«Атом станцияси қурилиши бўйича мутахассисларимизга қизиқишингиз борлигидан хабардормиз. Биз россияликлар туфайли бундай компетенцияларни ўзлаштирдик. Биз россияликлар билан улар атом энергия блокларини қураётган дунёнинг барча нуқталарида бирга ишлаяпмиз. Агар сизни қониқтирса, ўзингизга керак бўлган исталган вақтда келинг. Мутахассислар билан ўтириб гаплашишади — вазир топшириқ беради. Биз атом электр станциянгиз қурилишига кўмаклашамиз. Мутахассисларимиз сизга қўлдан келганча ёрдам бериши учун ҳаракат қиламиз», — деди Лукашенко.
У Беларусь Ўзбекистон билан ҳамкорликни чуқурлаштириш ва кенгайтиришдан манфаатдор эканини таъкидлади, шунингдек, икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини 2 миллиард долларга етказиш мумкинлигига ишонч билдирди.
«Яқин вақт ичида, тахминан 2030 йилга бориб, товар айирбошлаш ҳажмини икки миллиард долларга етказишимиз ҳақидаги келишув менга жуда маъқул келди. Бунинг имкони бор. Бунинг устига мамлакатларимиз иқтисодиёти бир-бирига рақобатчи эмас. Қишлоқ хўжалигидан тортиб машинасозликкача бўлган барча қўлимиздан келадиган ишлар аҳоли зич жойлашган Ўзбекистон давлати учун зарур», — деди Беларусь президенти.
У Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Беларусга ташрифига тайёргарлик кўрилаётганини маълум қилди. «Ўзбекистон билан муносабатларимиз жуда яхши. Ушбу муносабатлар давомли бўлишига умид қиламан. Жуда умид қиламан. Шу боис Шавкат Миромоновичнинг Беларусга ташрифи бу борада босқичли ва тарихий воқеа бўлади. Сиз биз учун асосий ҳамкорсиз», — деди Лукашенко.
Унинг сўзларига кўра, Беларусь Ўзбекистон учун қизиқарли бўлиши мумкин бўлган ҳамкорликнинг бир нечта йўналишларини белгилаб олган. «Бу савдо уйи, бу қишлоқ хўжалиги. Биз сизга барча шароитларни ва технологияларимизни тақдим этишга тайёрмиз. Одамларимиз бу ерда ёрдам беришади. Агар истасангиз, марҳамат, мана муайян вилоятлардаги — Витебск, Могилевдаги ерлар — ишлаб чиқаринг ва ўзингизга олиб кетинг. Биз Умон билан шундай ишлашга келишдик. Ўйлайманки, агар Умон билан келишган бўлсак, Ўзбекистон билан янада осонроқ бўлади», — деди Лукашенко.
«Шунингдек, жунларингизни корхоналаримизда қайта ишлаш ва етказиб беришдан жуда манфаатдормиз. Гап Барановичидаги пахта-қоғоз комбинати ва бошқалар ҳақида кетмоқда. Сизни қизиқтирган нарсаларни кўришингиз мумкин. Айтиб ўтганимдек, 2 миллиард долларлик товар айирбошлаш ҳажми — муаммо эмас», — дея қўшимча қилди.
Лукашенко Беларусь Ўзбекистонга «тегишли технологияларни олиб кириш» ва мутахассисларни тайёрлашга тайёр эканини қайд этди. «Қаерда имконимиз бўлса, елка беришга тайёрмиз… Бу биз учун жуда фойдали, хайрия эмас. Қаранг, миллионлаб одамлар. Бизда бор нарсаларга эҳтиёж сезадиган шундай катта мамлакат. Бу билан биз жуда буюкмиз демоқчи эмасман. Биз буни сиз билан бирга яратганмиз», — деди.
Шунингдек, Лукашенко Беларусь Ўзбекистондан келадиган меҳнаткаш инсонларни қабул қилишдан хурсанд эканини билдирди.
«Бизда кўплаб ўзбеклар яшайди. Яшашни ва ишлашни исташади. Булар бизнинг одамлар. Биз, айниқса, оилали инсонларни катта мамнуният билан таклиф қиламиз. Афсуски, бизда аҳоли ўсиши сизникидек эмас. Шу боис, агар келишга қарор қилишса, меҳнаткаш ўзбек халқини кўришдан доимо мамнунмиз», — деди.
Шу билан бирга, Беларусь президенти мамлакатда мигрантларни қабул қилиш бўйича «қатъий тартиб» амал қилишини қайд этди: «Эҳтимол, бу келувчилар учун ҳам яхшироқ. Улар биз одамларни аниқ ишга олишимизни аниқ тушунишади. Биз уларга барча имкониятларни, фарзандлари учун хизматларни — ясли, боғча, мактаб, олий таълимни тақдим этамиз. Белоруслар, россияликлар, украиналиклар ва бошқалар билан тенг ҳуқуқлилик асосида».
«Имкониятларимиз катта. Одамлар мамнуният билан келиб, ишлашмоқда. Шунинг учун бу масалада ўзбекистонлик биродарларимиз билан ишлашга тайёрмиз. Биз Биринчи жаҳон уруши йилларида сиз белоруслар учун кўп иш қилганингизни биламиз. Одамларимизнинг кўпчилиги Ўзбекистондан паноҳ топган, уларга инсоний муносабатда бўлишган. Бу борада сиздан озгина қарздормиз. Гарчи ўшанда бир мамлакат таркибида бўлган бўлсак ҳам», — деди Лукашенко.