Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Авто 12/03/2026

Маҳаллада машина ҳайдаб юрган болаларнинг отаси 5 суткага қамалди

Тошкентдаги маҳаллалардан бирида 13 ёшли эгизак фарзандлари машина ҳайдаб, аҳоли хавфсизлигига таҳдид солган 45 ёшли Нозим Азизов 5 суткалик маъмурий қамоқ жазосини олди. Суд уни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик) бўйича айбдор деб топди, дея хабар берди Ўзбекистон ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти матбуот хизмати.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда болаларнинг турли машиналарни, нафақат маҳалла ичида, балки йўл ҳаракати қоидаларини бузган ҳолда (масалан, светофорнинг қизил чироғида ўтиб) ҳайдаб юргани акс этган.

2026 йил 7 март куни кечқурун норози бўлган аҳоли вакиллари ота-она билан гаплашиш учун борганида, Азизов (у бир ёки бир нечта фармацевтика компаниялари раҳбари экани айтилмоқда) уларни ҳақорат қила бошлаган. Тарқалган видеоёзувда бир аёлнинг «Қонун ҳамма учун баробар» деган сўзлари, у эса кимгадир қараб: «Эркак бўлсанг, хотинларни аралаштирма. Мусор!» деб бақираётгани эшитилади.

Ички ишлар органларининг маълум қилишича, болалар 7 март куни ҳайдаган 01D70200 давлат рақамли Lexus автомобили жарима майдончасига жойлаштирилган.

ИИО бўлимида ёзиб олинган видеода болалар машинани 2025 йилнинг 11 ёки 12 декабрь кунлари ҳайдашганини айтишган. Иккаласи ҳам машинани ота-онасининг рухсатисиз минганини даъво қилган. Отаси эса ўша видеода бу ҳолат фақат бир марта «ноябрь ёки декабрь ойида» бўлганини айтган.

Маҳалла аҳолиси ЖХД матбуот хизматига вояга етмаганлар ҳам маҳалла ичида, ҳам кўчага чиқиб юқори тезликда ҳаракатланганини билдирган. Уларнинг таъкидлашича, болалар ҳам ота-онасининг, ҳам қариндошларининг турли машиналарини бошқариб юрган.

Азизов томонидан содир этилган жанжалдан сўнг фуқаролардан бири 102 рақамига қўнғироқ қилган. Ота ва ўғиллар текширув учун ИИОга олиб келинган. 8 март куни суд бўлиб ўтган.

ИИВ ЖХД видеосида Азизов халқдан ва президентдан узр сўраб, бундан буён болаларини қаттиқ назорат қилишга ваъда берган. Шунингдек, у ўғилларининг машина ҳайдашига доим қарши бўлганини қўшимча қилган.