
Футбол бўйича Ўзбекистон аёллар миллий терма жамоаси 2026 йилнинг 1–21 март кунлари Австралияда бўлиб ўтаётган Осиё кубогининг чорак финалига чиқди.
Гуруҳ босқичининг 9 март куни ўтказилган сўнгги ўйинида Ўзбекистон жамоаси Бангладеш терма жамоаси устидан 4:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Голларга Диёрахон Ҳабибуллаева (62-дақиқа), Дилдора Нозимова (62 ва 66) ҳамда Нилуфар Қудратова (88) муаллифлик қилишди.
Гуруҳ босқичида ўзбекистонлик футболчилар «B» гуруҳида 3 та ўйин ўтказишди. Биринчи турда жамоа КХДРга 0:3 ҳисобида имкониятни бой берди, иккинчи турда эса амалдаги Осиё чемпиони Хитойга худди шундай 0:3 ҳисобида мағлуб бўлди. Учинчи турдаги ғалаба Ўзбекистонга уч очко жамғариш ва турнирнинг чорак финалига чиқиш имконини берди.
Турнир регламентига кўра, чорак финалга гуруҳларда биринчи ва иккинчи ўринни эгаллаган жамоалар, шунингдек, учинчи ўринни эгаллаганлар орасида энг яхши натижа қайд этган иштирокчилар йўл олади. Ушбу рейтингда миллий терма жамоа уч очко билан иккинчи ўринни эгаллади. Филиппин терма жамоаси ҳам уч очко жамғарди, бироқ тўплар нисбатига кўра ўзбекистонлик футболчилар юқорироқ кўрсаткич қайд этиб, чорак финалда ўйнаш ҳуқуқини қўлга киритишди.
Терма жамоанинг навбатдаги рақиби бошқа гуруҳлардаги ўйинлар якунига кўра аниқланади. Жамоа 2026 йил 14 март куни «A» гуруҳи ғолиби — Жанубий Кореяга қарши ёки 15 март куни «C» гуруҳи ғолибига қарши майдонга тушиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, Осиё футбол конфедерациясидан 6 та терма жамоа жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритади. Бу чорак финалда мағлуб бўлган тақдирда ҳам Ўзбекистон терма жамоасида Бразилиядаги турнирга бориш имконияти сақланиб қолишини англатади. Бунинг учун чорак финалда имкониятни бой берган бошқа бир жамоага қарши ўтиш ўйинида ғалаба қозониш талаб этилади.
Жаҳон биринчилигига тўғридан-тўғри йўлланма олиш учун Ўзбекистон жамоаси Осиё кубогида камида яна битта ўйинда ғалаба қозониши зарур. Шу билан бирга, ушбу учрашувдаги мағлубият ҳам жамоани курашни давом эттириш имкониятидан бутунлай маҳрум қилмайди: ОФКнинг иккита терма жамоаси қитъалараро плей-офф орқали йўлланма учун курашиши мумкин бўлади.