
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндори бўлган қашқадарёлик шоира Латофат Амировага Самарқанд шаҳридан икки хонали уй бериш ҳақида топшириқ берди. Бу ҳақда «Ўзбекистон 24» телеканали лавҳасида маълум қилинди.
Ушбу қарор 7 март куни Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган тантанали тадбирда эълон қилинди. Маросимдаги чиқиши вақтида қиз фарзандлар тарбиялаётгани, олий маълумотли экани ва чекка қишлоқ ҳудудида яшашини сўзлаб берди.
«Таржимонлик ва ижод билан шуғулланаман. Туркия ва Озарбайжон билан ҳамкорлик қиламан. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан „Туркона“ номли китобим 1000 нусхада чоп этилди», — деди Латофат Амирова.
Унинг сўзларига кўра, у президент томонидан қўллаб-қувватланган ва Жиззах вилоятининг Зомин туманида анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган истеъдодли ёш ижодкорлар семинарида иштирок этган. Семинар якунида унга 10 млн сўм миқдоридаги пул мукофоти топширилган.
«Устозларим мени „шеърият тумориси“ деб эътироф этишди. Сиз бизга куч ва мадад бераётганингиз боис, аёллар номидан айтар сўзларим бор», — деди Зулфия мукофоти совриндори ва шеър ўқиб берди.
Чиқишдан сўнг президент ташаббус билан чиқди. «Таклиф қиламан, бугун қарор қабул қилиб, қизимиз Латофатга Самарқанд шаҳридан икки хонали уй ажратайлик», — деди Шавкат Мирзиёев.
Самарқанд вилояти ҳокимлиги Амирова Самарқанд шаҳридаги Қорасув массивидан барча қулайликларга эга, мебеллар билан жиҳозланган икки хонали хонадон олганини маълум қилди. Калитларни топшириш маросимида Самарқанд вилояти ҳокими Адиз Бобоев иштирок этди.
Аввалроқ, 2026 йил 24 февраль куни ёшлар билан мулоқот вақтида президент Урганч туманидаги 11-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчисининг чиқишини алоҳида қайд этиб, унга ижодий рағбат сифатида BYD Chazor автомобили берилишини эълон қилган эди.