Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 12/03/2026

Солиқ инспекцияси ходими 101 минг долларлик коррупция иши бўйича қўлга олинди — ДХХ

Фарғона вилояти Фарғона тумани солиқ инспекцияси бош инспектори фирибгарлик ва пора беришда иштирокчиликда гумонланиб қўлга олинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати маълум қилди.

Идора маълумотларига кўра, инспектор юқори лавозимларда ишловчи танишлари орқали наманганлик тадбиркорга Фарғона тумани ҳокимлиги захирасида бўлган ва қишлоқ хўжалигига мўлжалланган 10 гектар ер майдонини ажратиб беришни ваъда қилган.

Ушбу ер майдонини туристик объект ташкил этиш учун ажратиш эвазига 95 минг доллар, ер тоифасини ўзгартириб бериш учун эса яна 6000 доллар талаб қилган. Талаб қилинган умумий маблағ 101 минг долларни ташкил этган.

ДХХ ва ИИВ ходимлари томонидан Янги Наманган туманида ўтказилган тезкор тадбир давомида гумонланувчи аввалдан келишилган 20 минг долларни олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Наманган вилояти прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди (жуда кўп миқдорда фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси 2-қисми «а» банди (такроран, хавфли рецидивист ёки илгари пора олган ёхуд пора беришда воситачилик қилган шахс томонидан пора беришда иштирокчилик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Гумонланувчи ҳибсга олинган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.