Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш

Ўзбекистоннинг халқаро захиралари тарихий максимумни янгилади — 77,1 млрд доллар

Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари 2026 йил 1 март ҳолатига кўра 77,09 млрд долларга етди, бу Марказий банк маълумотларидан келиб чиқмоқда. Бу 2013 йилдан бери юритилаётган статистика тарихидаги энг юқори кўрсаткичдир.

Февраль ойида захиралар яна 2 млрд долларга (+2,7%) ўсди, йил бошидан буён эса 10,8 млрд долларга (+16,2%) кўпайди.

Ўсишнинг асосий омили яна жаҳон бозорларида олтин нархининг қимматлашиши бўлди. Марказий банк баҳолашича, нархнинг бир унция учун 5063,45 доллардан 5174,1 долларгача кўтарилиши (+2,2%) захираларга қарийб 1,4 млрд доллар қўшди (ноябрь ойида ўсиш 1,8 млрд доллар, декабрда — 2,9 млрд доллар, январда — 8,6 млрд долларни ташкил этган эди).

Олтин захирасининг жисмоний ҳажми кетма-кет бешинчи ой давомида ўсиб бормоқда (Марказий банк бу вақт ичида олтинни сотиш ўрнига сотиб олди). Февраль ойида у 250 минг троя унциясига (7,8 тонна) кўпайиб, 13,08 млн унцияни (406,8 тонна) ташкил этди. Бу ҳам статистика юритилган давр ичидаги рекорд кўрсаткичдир.

Жаҳон нархлари ўсиши фонида олтин захирасининг қиймати 2,7 млрд долларга ошиб, тарихий энг юқори нуқтага — 67,7 млрд долларга етди. Олтин улуши мамлакат жами захираларининг қарийб 87,8 фоизини ташкил этмоқда.

Захираларнинг валюта қисми эса, худди ўтган ойдагидек, яна 685,9 млн долларга қисқариб, 8,8 млрд долларга тушди (2025 йил 1 январдан бери энг паст кўрсаткич).

Қимматли қоғозлар ҳажми бироз ўсиб, 1,54 млрд долларни ташкил этди.

Халқаро стандартларга кўра, Ўзбекистон захиралари даражаси жуда юқорилигича қолмоқда. Улар қарийб 20 ойлик импортни қоплашга қодир, ваҳоланки Халқаро валюта жамғармаси томонидан тавсия этилган минимал кўрсаткич 3 ойни ташкил этади.

Марказий банк аввалроқ захиралар таркибида олтиннинг юқори улуши активларни бошқаришдаги консерватив ёндашувни акс эттиришини таъкидлаган эди. Шу билан бирга, регулятор қимматбаҳо металлар нархининг ўзгарувчанлиги хатарларини ҳисобга олган ҳолда портфелни аста-секин диверсификация қилишни бошлади.

Халқаро захиралар макроиқтисодий барқарорликнинг асосий воситаси бўлиб қолмоқда. Улар миллий валюта курси тебранишларини юмшатиш, ташқи мажбуриятларга хизмат кўрсатиш, инқирозли вазиятларда импортни молиялаштириш ҳамда иқтисодиётни ташқи шоклардан — хомашё нархларининг тушишидан тортиб молия бозорларидаги беқарорликкача ҳимоя қилиш имконини беради.