
Тошкентда 2026 йил 1 мартга ўтар кечаси ёшлар томонидан Йўл ҳаракати қоидаларини кўплаб ва қўпол равишда бузиш билан боғлиқ навбатдаги ҳолат юз берди. Бу ҳақда фақат 6 март куни, ижтимоий тармоқларда видеоёзув пайдо бўлганидан кейин маълум бўлди.
Ўша куни соат тахминан 1:00 ларда ЙПХ ходимлари Чилонзор туманидаги Бунёдкор шоҳ кўчаси Камолон кўприги атрофида тезликни ошириб келаётган, давлат рақами бўлмаган қора рангли Lacetti автомобилини пайқаб, ҳайдовчига тўхташ ҳақида талаб қўйишган. Ҳайдовчи — кейинчалик маълум бўлишича, бу 17 ёшли Муҳаммадазиз Умурзоқов бўлган — талабларга бўйсунмасдан, аксинча, тезликни оширган.
Машина ичида ёзиб олинган видеода кимнингдир: «Газланг, ака, газланг, газланг, газланг!» деган овози эшитилади. Видео муаллифи ёнда ҳаракатланиб келаётган хизмат автомобилини ва содир бўлаётган жараёнларни тасвирга олган. Ҳайдовчи ажратувчи бордюр орқали қарама-қарши йўналишга чиқиб кетган, светофорнинг тақиқловчи чироқларида ўтган, бошқа автомобилга урилиб, ҳаракатни давом эттирган ва йўлакларни тинимсиз ўзгартирган.
Тезкор тадбир давомида машина Юнусобод туманининг Боғишамол кўчасида — ҳайдовчига тўхташ буюрилган жойдан 10 км дан кўпроқ масофада тўхтатилди. Салонда икки нафар вояга етмаган ва бир нафар вояга етган йигит бўлган. Умурзоқовдан ташқари, булар 17 ёшли Асилбек Остонов ва 18 ёшли Амирхон Сафарбоев. Қўлга олиш вақтидаги видеода салон ичида буклама пичоқ бўлгани кўринади.
Ички ишлар органи ходимларидан бири видеода ушланганларнинг каттаси Юридик университетнинг биринчи курс талабаси эканини айтган. ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти матбуот хизмати Умурзоқов ва Сафарбоевни жиноятнинг фаол иштирокчилари деб атамоқда. ИИО ходимининг сўзларига кўра, Умурзоқов машинада Сафарбоевнинг олдига борган, Сафарбоев ҳам рулда бўлган (бу видеода ҳам кўринади).
Автомобиль Умурзоқовнинг 50 ёшли отасига тегишли. Исми ошкор қилинмаган эркак ўғли машинани илк бор рухсатсиз ҳайдаб кетганини маълум қилди. Унинг қўшимча қилишича, аввал ўғли машинани фақат ҳовлида («Машинани ювиш ва ҳоказо») бошқарган.
Умурзоқов ва Сафарбоев томонидан ички ишлар органлари ходимларига қаршилик кўрсатиш факти бўйича уларга нисбатан Жиноят кодексининг 219-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилди. Ушбу қисмда: «Ҳокимият вакилини ўзининг хизмат вазифасини бажаришдан ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсни ўз бурчини бажаришдан воз кечишга, шунингдек қонунга хилоф ҳаракатлар содир этишга ҳар қандай шаклда мажбур қилиш» назарда тутилган. Бунинг учун 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин.
Улар Жиноят-процессуал кодексининг 221-моддаси — «Ушлаб туриш асослари» тартибида ҳибсга олинган. Терговни прокуратура олиб бормоқда.
ЖХД видеосида ушланганлар бу ишни биринчи марта қилишганини айтиб, узр сўрашган ва бошқа қайтарилмаслигига ваъда беришган. Учинчи иштирокчи — Асилбек Остоновнинг ҳаракатларига ҳам ҳуқуқий баҳо берилади, дейилади хабарда. Ҳозирда у вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига жойлаштирилган.
Қонунни кўз-кўз қилиб бузиш эпидемияси
Юз берган ҳолат — ҳайдовчилар, жумладан, болалар томонидан қонунни намойишкорона бузиш ва ЙПХ ходимларига нисбатан менсимай қараш билан боғлиқ кўплаб ҳолатлардан бири. Жазосиз қолиш ёки енгил жазо билан қутулиб кетишга ишонган, кўп ҳолларда юқори лавозимли қариндошлари ва танишларига таянган ҳолда, улар мунтазам равишда қоидабузарликлар акс этган видеоларни ижтимоий тармоқларга жойлаштириб келишмоқда.
Соҳадаги муаммолар 25 февраль куни юз берган, кучли резонанс ва жамоатчилик нафратига сабаб бўлган, шунингдек, йўл ҳаракати хавфсизлигига ёндашувларни ва қонун ижросини зудлик билан ислоҳ қилишга чорловчи воқеа билан янада яққол намоён бўлди.
Ўша куни 16 ёшли мактаб ўқувчиси Дониёр Турғунов BMW M4 машинасида, пойтахт кўчаларида бир неча бор қўпол қоидабузарликлар билан ҳаракатланиб юриб, ЙПХ инспектори Ҳосилбек Эшназаровни уриб юборган эди. Орадан икки кун ўтиб, инспектор ҳушига келмай вафот этди.
Кўп ўтмай, Uzbelas Performance тюнинг-ательеси раҳбари Асадбек Жумаев ҳибсга олинди. У машиналарга махсус сигналлар ўрнатганини ва ЙҲҚ бузилиши акс этган видеоларни эълон қилганини тан олди. Видеолардан бирида Дониёр Турғунов рақамсиз BMW X5 машинасида ЙПХ ходимларининг тўхташ талабига бўйсунмаган (ўшанда у қаттиқ огоҳлантирилган, отаси эса жаримага тортилган эди).
26 февралдан бошлаб ЙҲХХ ижтимоий тармоқларни мониторинг қилишни кучайтирди ва олти кун ичида (3 мартгача) йўл безорилиги акс этган 107 та видеоматериални аниқлади, 62 та автомобиль жарима майдончаларига жойлаштирилди. Яна 6000 га яқин автомобиль ЙҲҚни қўпол равишда бузгани учун жарима майдончаларига юборилди. Хавфли ҳайдашни тарғиб қилувчи аккаунтлар блоклана бошлади.
Фақатгина 4 март кунининг ўзида йўл безорилиги фактлари қайд этилган 56 та шундай видео аниқланди. 59 нафар ҳайдовчига нисбатан маъмурий баённомалар тузилди. 55 та автомобиль жарима майдончасига юборилди.
Ижтимоий тармоқларда 3 та аккаунт блокланди. ЖХД матбуот хизматининг хабар беришича, каналлардан бирига 500 мингдан ортиқ фойдаланувчи обуна бўлган.
Бир куннинг ўзида кўча ва йўлларда 1633 та қўпол ЙҲҚ бузилиши қайд этилган бўлиб, шундан 122 таси ЙПХ инспекторлари талабига бўйсунмаслик, 96 таси ноқонуний тонировка, 62 таси сирена ва «мигалка»лар ўрнатиш, 34 таси давлат рақамисиз юриш, 6 таси эса йўл безорилиги ҳолатларидир. Қўлга олинган ҳайдовчиларнинг 10 нафари мактаб ўқувчилари бўлган.