Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 11/03/2026

Enter Engineering компаниясининг 12,7 мингдан ортиқ ходимига иш ҳақи бўйича қарздорликлар тўлаб берилди — Бандлик вазирлиги

Давлат меҳнат инспекцияси Enter Engineering Pte. Ltd. компанияси ва у билан боғлиқ корхоналар лойиҳаларида банд бўлган 12 754 нафар ходимнинг иш ҳақи бўйича қарздорлигини ундирди. Бу ҳақда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги матбуот котиби Гулноза Алимова ўз Telegram-каналида маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, ижтимоий тармоқларда компания ходимлари иш ҳақи ололмаётгани, вазирлик эса бу вазиятга гўёки муносабат билдирмаётгани ҳақида хабарлар тарқалган.

«2026 йил март ҳолатига кўра, Enter Engineering Pte. Ltd. компанияси ва у билан боғлиқ корхоналар фаолияти бўйича келиб тушган мурожаатлар асосида Давлат меҳнат инспекцияси томонидан тегишли текширишлар ва вазиятни ўрганиш ишлари олиб борилмоқда», — дейилади хабарда.

Вазирликнинг қайд этишича, жорий йилда меҳнат инспекцияси Тошкент шаҳри, Жиззах, Самарқанд, Бухоро, Навоий ва Қашқадарё вилоятларида жойлашган 11 та объектда қарздорликни ундириш чораларини кўрган. Текширувлар Enter Engineering билан боғлиқ 34 та корхонани қамраб олди.

Натижада Enter Engineering компаниясидан 12 754 нафар ходимнинг иш ҳақи ундириб берилди, деб хабар қилди Гулноза Алимова. Ундирилган қарздорлик миқдори очиқланмаган. Унинг қўшимча қилишича, текширувлар давом этмоқда.

«Ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун қонунчиликда белгиланган тартибда тегишли чоралар кўрилмоқда», — дейилади хабарда.

Enter Engineering, Eriell ва Saneg (бу ва тадбиркор Бахтиёр Фозилов билан боғлиқ кўплаб бошқа компаниялар) корхоналари ходимлари иш ҳақи бир неча ойлаб кечикаётгани ҳақида мунтазам хабар бериб келишади. Интернетда тўловларни талаб қилаётган ишчиларнинг фото ва видеолари бир неча бор пайдо бўлган. 2024 йил июнь ойида «Газета» ходимларнинг бундай кечикишлар ҳақидаги ҳикояларини эълон қилган эди.

Бандлик вазирлигининг ушбу баёноти фонида таҳририятга мазкур компанияларнинг амалдаги ва собиқ ходимларидан ҳам хабарлар келиб тушди.

«Бу янгилик фактларга мос келмайди. Менинг собиқ ҳамкасбларим — Enter Engineering’нинг амалдаги ходимлари ҳалигача бир неча ойлик иш ҳақи қарзларини олишгани йўқ», — дейилади «Газета» муштарийларидан бирининг хабарида.

Маълумотларга кўра, «қарздорлик иш ҳақи 1000 доллардан кам бўлган ходимларга ҳамда 3-сонли мисни бойитиш фабрикаси (МОФ-3) лойиҳасида банд бўлганларга тўланган, чунки у ерда саломатликка зарар етказувчи кўплаб ҳодисалар юз берган».

Аввалроқ хабар берилганидек, Ўзбекистон ҳукумати 38,7 минг нафар ходим олдидаги тахминан 131 млн долларлик иш ҳақи қарздорлигини, шунингдек, бюджет ва банклар олдидаги мажбуриятларни ёпиш учун Enter Engineering, Eriell ва Saneg активларини сотишни режалаштирмоқда.