
Ўзбекистон ҳукумати ходимлар, бюджет ва банклар олдидаги қарздорликни узиш мақсадида Enter Engineering, Eriell Group ва Sanoat Energetika Guruhi (Saneg) компаниялар гуруҳининг носоҳавий активларини сотишни режалаштирмоқда.
Бу Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 22 январдаги қароридан келиб чиқмоқда, ҳужжат маълумотномасининг нусхаси ижтимоий тармоқларда тарқалди.
Қарорга кўра, компаниялар гуруҳининг 38,7 минг нафар ходим олдидаги иш ҳақи бўйича қарздорлиги 131 млн долларни ташкил этади.
Компаниялар гуруҳини молиявий соғломлаштириш учун Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ижрочи директори Шуҳрат Вафоев бошчилигида ишчи гуруҳ тузилди. Унга носоҳавий активларни сотувга тайёрлаш ва тушган маблағларни қарзларни, биринчи навбатда, иш ҳақини тўлашга йўналтириш топширилди.
Қайси активлар сотилиши режалаштирилган
Сайланиши лозим бўлган мулклар рўйхатига қуйидагилар киритилган:
- Тошкент шаҳри Чилонзор тумани Бунёдкор шоҳ кўчаси 47-уйдаги Enter Engineering офиси;
- Сергели тумани Чаштепа кўчаси 38/40-уйдаги Enter Engineering офиси;
- Миробод тумани Гавҳар кўчаси 151А-уйдаги Eriell Group офиси;
- Чилонзор тумани Чорбоғ кўчаси 82А-уйдаги Eriell Group офиси;
- Tashkent International Medical Center тиббиёт мажмуаси биноси;
- Silk Road Samarkand туристик мажмуасининг саккизта меҳмонхонаси;
- Самарқанд халқаро аэропорти (оператори Air Marakanda);
- Фарғона вилоятидаги Олтиариқ нефтни қайта ишлаш корхонаси;
- «Ангрен» сақлаш терминали.
Йирик лойиҳалар тақдири нима бўлади
Ишчи гуруҳга бир қатор стратегик лойиҳаларни якунлай оладиган янги инвесторлар учун таклифлар тайёрлаш ҳам топширилган. Улар орасида:
- Бухоро вилоятидаги қиймати 5 млрд долларлик MTO (Methanol to Olefin) газ-кимё мажмуаси;
- Навоий вилоятидаги қиймати 8 млрд долларлик ёнилғи сланецларини қайта ишлаш саноат мажмуаси;
- Фарғона нефтни қайта ишлаш заводини модернизация қилиш (давлат ушбу активни 2022 йил май ойида Sanoat Energetika Guruhi’га сотган, бироқ инвестор ўшандан бери тўловни тўлиқ амалга оширмаган);
- «Самарқандкимё» негизидаги «Неофос» кимёвий лойиҳаси (2020 йилда корхона Ferkensco Management Limited’га берилган эди, 2025 йил декабрида эса давлат «Ўзкимёсаноат» тимсолида заводдаги 24,94% улушни қайтариб олди);
- Тебинбулоқ кон-металлургия комбинати қурилиши (лойиҳа билан Saneg ENERA таркибига кирувчи Triangul Metals Tebinbulak шуғулланаётган эди);
- Бухоро халқаро аэропортини модернизация қилиш.
Солиқ имтиёзлари ва чекловлар
Қарорда гуруҳнинг аффилланган компаниялари учун солиқ ва божхона тўловлари бўйича кечиктириш муддатини 2027 йил 1 январгача узайтириш кўзда тутилган (улар 2024 йил 30 майдаги ВМҚ доирасида амал қилган). Бироқ бу чора фақат ходимлар олдидаги қарздорлик тўлиқ узилганидан кейин кучга киради.
Шунингдек, махсус ҳуқуқий режим жорий этилади: компанияларга активларни келишувсиз учинчи шахсларга сотиш, ўтказиш ва юклама билан боғлаш тақиқланади.
Мулкларни сотиш учун Давлат активларини бошқариш агентлиги билан ҳамкорликда янги Saneg Aktiv шўъба корхонаси ташкил этилмоқда. Активларни сотишдан тушган маблағлар Ўзбекистон Миллий банкидаги махсус ҳисоб рақамига тушади ва қарзларни ёпишга йўналтирилади.
Мулкни янги компанияга ўтказиш солиқ ва мажбурий тўловлардан озод қилинади.
Агар активларни E-Auksion платформаси орқали сотиш имкони бўлмаса, уларнинг бошланғич нархи ҳар ҳафта 5 фоизга, лекин жами 20 фоиздан кўп бўлмаган миқдорда пасайтирилади.
Очиқ маълумотларга кўра, Saneg Aktiv 2026 йил 3 февралда 100 млн сўмлик устав фонди билан рўйхатга олинган. Муассис — Sanoat Energetika Guruhi, директор сифатида Мансурбек Маҳмудов кўрсатилган.
Бундан ташқари, мамлакатдаги энг йирик «Газли» газ омбори оператори бўлган Gazli Gas Storage қўшма корхонасидаги улуш ҳам сотилиши мумкин, унинг бенефициари Бахтиёр Фозилов эди. Ходимлар орасида тарқалаётган хабарларга кўра, компаниялар раҳбарияти бизнес тугатилмаслиги ва фаолият давом этишини маълум қилган. Қайд этилишича, «Газли» газ омборини сотишдан маблағлар 10 мартгача келиши кутилмоқда, иш ҳақи бўйича қарздорлик эса 15 мартгача тўланиши режалаштирилган. Ишчилардан «сабр қилиш, ишдан бўшамаслик, иш ташламаслик ва ишга халақит бермаслик» сўралган.
Saneg матбуот хизмати 19 февраль куни (Вазирлар Маҳкамаси қарори ҳақидаги маълумотнома нусхаси тармоқда 18 февралда тарқалган эди) Saneg Aktiv компаниясининг рўйхатга олиниши «унга гуруҳнинг бирор-бир активлари ўтказилганини, мулкчилик тузилмаси ўзгарганини ёки национализация ҳақида қарор қабул қилинганини англатмаслигини» билдирди.
«Компания ўз фаолиятини одатдаги режимда давом эттирмоқда, ходимлар, шериклар ва давлат органлари олдидаги мажбуриятларини амалдаги қонунчилик доирасида бажармоқда», — деб маълум қилди компания.
Бахтиёр Фозилов бир қатор йирик компаниялар, жумладан Sanoat Energetika Guruhi Enera, Eriell Group, Enter Engineering, Самарқанддаги Samarkand Touristic Centre туристик мажмуаси ва Air Marakanda авиакомпанияси раҳбари ёки акциядори ҳисобланади.
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги 6 март куни Enter Engineering ва у билан боғлиқ 34 та корхона объектларида ишлаётган 12,7 мингдан ортиқ ходимнинг иш ҳақи қарзлари ундирилганини маълум қилди.
Enter Engineering, Eriell ва Saneg корхоналари (бу ва тадбиркор Бахтиёр Фозилов билан боғлиқ кўплаб бошқа компаниялар) ходимлари иш ҳақи бир неча ойлаб кечикаётгани ҳақида мунтазам хабар бериб келишган, бироқ яқин вақтгача уларнинг муаммоси ҳал этилмаган эди. Интернетда тўловларни талаб қилаётган ишчиларнинг фото ва видеолари бир неча бор пайдо бўлган..