
Янги ўқув йилидан бошлаб эҳтиёжманд оилалардаги қизлар учун олий ўқув юртларида давлат гранти асосида таълим олиш квотаси икки бараварга оширилиб, 4000 тага етказилади. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган тантанали маросимда маълум қилди.
Бундан ташқари, топ-300 таликка кирувчи ОТМлар билан ҳамкорликдаги қўшма таълим тизими асосида магистратурада таҳсил олаётган талаба қизларнинг контракт пуллари ҳам давлат томонидан тўлаб берилади.
Хотин-қизларнинг инновацион ғояларини қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳар йили камида 10 та йўналиш бўйича стартап-танловлар ўтказилади. Бунда ҳар бир йўналиш бўйича ғолиб бўлган аёлга Инновацион жамғармадан 500 миллион сўмгача грант ажратилади.
«Мактабнинг 11-синфини тамомлаб, давлат техникумларига ўқишга кирган қизларнинг таълим олиши тўлиқ давлат гранти асосида амалга оширилади», — деди давлат раҳбари.
Ўзбекистон президентининг таъкидлашича, бугунги кунда мамлакат олий ўқув юртларида таҳсил олаётган қизлар сони 904 мингдан ошиб, жами талабаларнинг 54 фоизини ташкил этмоқда. Шу билан бирга, докторантурада ўқиётган ва илмий стажировка ўтаётган қарийб 8500 кишининг 61 фоизини аёллар ташкил этади.
Президент ўтган йили ўзбекистонлик 60 нафар қиз дунёнинг энг нуфузли университетларига ўқишга кирганини қайд этди.
Шунингдек, у тантанали маросим иштирокчилари — халқаро фан олимпиадаларида муваффақият қозонган қорақалпоғистонлик Индира Сатниязова, бухоролик Вазира Файзуллаева ва навоийлик Машхура Қудратоваларнинг ютуқларини алоҳида эътироф этди.
Бундан ташқари, қатор халқаро стартап танловлари ғолиби, Microsoft компаниясининг Ўзбекистондаги элчиси деб тан олинган бувайдалик Дилафруз Жўрабоева алоҳида таъкидлаб ўтилди.