
Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев мамлакатнинг Эрондаги дипломатик ходимларини тўлиқ олиб чиқиб кетиш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу ҳақда мамлакат ташқи ишлар вазири Жайҳун Байрамов маълум қилди, деб хабар бермоқда Report.
Унинг сўзларига кўра, ушбу қарор ҳам Теҳрондаги элчихонага, ҳам Табриздаги бош консулликка тааллуқли.
«Ҳозирда ушбу йўналишда тегишли ишлар олиб борилмоқда», — деб қайд этди.
Байрамов, шунингдек, Эрон Нахичеванга қилинган зарбдор дронлар ҳужумини «синчковлик билан текширишга» ваъда берганини айтди. «Ушбу ҳодиса бўйича аллақачон дипломатик қадамлар қўйилди, протест нотаси юборилди, ҳамкасбим билан телефон орқали мулоқот бўлиб ўтди. Эрон томони бошлаган тергов умумий жараённинг бир қисми. Озарбайжон хавфсизлиги давлат раҳбарининг қатъий назоратида», — деди вазир.
2026 йил 5 март куни Озарбайжон ТИВ Эрон дронлари мамлакатнинг Нахичеван Автоном Республикаси ҳудудига қулагани ҳақида хабар берган эди. Вазирлик маълумотларига кўра, битта дрон аэропорт терминали ҳудудига, бошқаси эса Шекеробод қишлоғидаги мактаб биноси яқинига қулаган. Икки нафар маҳаллий турғун жароҳат олган.