Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Авто 10/03/2026

Тошкентда ҳужжатлари йўқлиги сабабли 100 дан ортиқ электрозаправкалар ўчирилди

Тошкент шаҳридаги қувватлантириш станцияларини хатловдан ўтказиш натижаларига кўра, зарур ҳужжатлари бўлмаган 101 та электрозаправка вақтинчалик ўчирилди. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги маълум қилди.

Шаҳар маъмурияти сўнгги кунларда муҳокама қилинаётган электр қувватлантириш инфратузилмаси мавзуси кенг жамоатчилик резонансига сабаб бўлганини қайд этди. Ҳокимлик маълумотларига кўра, электр қувватлантириш станциялари инфратузилмаси ишлашда давом этмоқда ва унинг ривожланиши тўхтатилмаган. Ҳозирда шаҳарда қуввати 20 кВт дан юқори бўлган 1300 га яқин тезкор қувватлантириш қурилмалари ўрнатилган.

Хатлов ишлари тармоққа уланишларни тартибга солиш ва энергия тизими учун хавфларни камайтириш мақсадида ўтказилмоқда, дейилади хабарда. Ҳокимлик ташаббуси билан 3 март куни 12 та ишчи гуруҳ тузилиб, текширув ишларига киришилган.

«Бугунги кунга қадар 300 дан ортиқ станция хатловдан ўтказилди, бу эса уланишлар ҳолати ва тармоқдаги ҳақиқий юкламани баҳолаш имконини беради», — деб баёнот берди ҳокимлик.

Текширув давомида айрим қоидабузарликлар аниқланди. Хусусан, 101 та станция зарур ҳужжатлари йўқлиги сабабли вақтинчалик ўчирилган, 62 та станциянинг эса энергия сотиш корхоналари билан шартномалари мавжуд эмас. Ҳокимлик қуввати 20 кВт ва ундан юқори бўлган тезкор қувватлантириш станциялари электр тармоқларига сезиларли юклама ҳосил қилишини тушунтирди.

«Агар уланиш ҳисоб-китобсиз ва техник шартларсиз амалга оширилган бўлса, юклама ортиши ҳамда турар жой биноларида электр таъминотида узилишлар хавфи ортади. Биз ҳаммамиз бир шаҳар аҳолисимиз, уйларимиз, мактаб ва шифохоналарда барқарор электр энергияси бўлиши биз учун ҳаётий муҳим», — дея қайд этди маъмурият.

Расмийлар кўрилаётган чоралар электромобиллик ривожини чеклашга эмас, балки энергия тизимининг хавфсиз ва барқарор ишлашини таъминлашга қаратилганини таъкидлади. Аниқланган қоидабузарликларга ваколатли органлар ҳуқуқий баҳо беради, улар «нафақат қоидабузарликларни қайд этади, балки объектларни талабга мувофиқлаштириш бўйича ечимларни ҳам таклиф қилади».

«Шу билан бирга, айрим шахсларнинг ушбу мавзуда „хайп“ қилишга ва профессионал баҳони ўз фикрлари билан алмаштиришга бўлган уринишлари на шаҳарга, на аҳолига ва на бозорга ёрдам беради», — дейилади хабарда.

Ҳокимлик шаҳар маъмурияти техник ва ҳуқуқий талабларга риоя қилган ҳолда қувватлантириш станциялари инфратузилмасини ривожлантиришга тайёр бўлган тадбиркорлар билан конструктив ҳамкорлик қилишга тайёрлигини қўшимча қилди.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги 2 март куни электромобиллар учун тезкор қувватлантириш станцияларидан фойдаланишда «кўплаб» қоидабузарликлар ҳақида хабар берган эди. Қоидабузарлар орасида «бозорнинг йирик иштирокчилари ҳам, алоҳида хўжалик юритувчи субъектлар ҳам» бўлган.

2024 йил декабрь ойида Тошкентда электромобилларни қувватлантириш станциялари оммавий равишда ўчирилган эди. Кадастр агентлиги уларни ноқонуний ўрнатилган деб важи билан демонтаж қилишни талаб қилганди.