
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев «Янги Тошкент» деб номланган пойтахтнинг янги халқаро аэропорти қурилиши лойиҳасининг асосий параметрлари билан танишди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.
Тақдим этилган маълумотларга кўра, биринчи босқичда майдони 208,4 минг квадрат метр (20,8 га) бўлган йўловчи терминали, шунингдек, ҳар бирининг узунлиги 4 км бўлган иккита учиш-қўниш йўлаги (УҚЙ) қурилиши режалаштирилган.
Аввалроқ тақдим этилган макет ва эскизларда УҚЙлар аэропортнинг ёнида эмас, балки унинг икки томонида жойлашишини кўриш мумкин эди.
Президентга бўлажак аэропорт ҳудудида олиб борилаётган лойиҳа-қидирув ишлари ва лойиҳани амалга оширишнинг кейинги босқичлари ҳақида ҳам ахборот берилди.
Амалдаги Ислом Каримов номидаги «Тошкент» аэропорти ҳам ҳар бирининг узунлиги қарийб 4 км бўлган иккита йўлакка эга бўлиб, бу ҳар қандай узоқ масофага учувчи самолётларни қабул қилиш имконини беради. Мамлакатнинг бошқа аэропортларида, қоида тариқасида, узунлиги 1,6 дан 3,3 кмгача бўлган биттадан йўлак мавжуд — бу кўплаб ички ва халқаро рейслар учун етарли ҳисобланади.
Янги аэропорт ҳақида
«Янги Тошкент» аэропорти Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ ва Қуйи Чирчиқ туманлари ҳудудида 1300 гектар майдонда қурилади. Президент Шавкат Мирзиёев 2025 йил октябрь ойида қурилишга старт берган эди.
Янги аэропорт қуриш тўғрисидаги қарор сўнгги 8 йил ичида пойтахтга йўловчи оқими уч баравар кўпайиб, йилига 9 миллион кишига етгани, 2040 йилга бориб эса 24 миллиондан ошиши кутилаётгани сабабли қабул қилинди. Амалдаги аэропорт 11 миллион йўловчига мўлжалланган ва шаҳар ҳудудида жойлашган.
Объект давлат-хусусий шериклик (ДХШ) асосида барпо этилади. Консорциум таркибига қуйидагилар кирди:
- Vision Invest (Саудия Арабистони) — 45%
- Sojitz Corporation (Япония) — 30%
- Incheon International Airport Corporation (Жанубий Корея) — 15%
- Uzbekistan Airports (Ўзбекистон) — 10%
Лойиҳа тўрт босқичга мўлжалланган. Биринчи босқич қиймати — 2,5 млрд доллар.
Қурилиш якунлангач, аэропорт йилига 20 миллионгача йўловчи ва 129 минг тонна юкга хизмат кўрсатиши, соатига 30 тагача учиш ва қўнишни амалга ошириши мумкин бўлади.
Янги аэропортга Тошкент — Самарқанд, Тошкент — Андижон ва Тошкент — Бўстонлиқ пуллик автомагистраллари ўтказилади, шунингдек, тезюрар поезд қатнови йўлга қўйилади. Тошкент маркази ва Янги Тошкент ўртасида шаттл-транспорт қатнови ташкил этилади.