
Самарқанд вилояти Пастдарғом туманлараро фуқаролик ишлари бўйича судининг судьяси пора олаётган вақтида ушланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Идора маълумотларига кўра, Пастдарғом туманлараро судининг 2022 йилдаги ҳал қилув қарори билан 1983 йилда туғилган фуқародан 1989 йилда туғилган аёл фойдасига, фарзанди (2022 йилда туғилган) вояга етгунига қадар алимент ундириш белгиланган бўлган.
Кейинчалик жавобгар янги очилган ҳолатлар бўйича суд қарорини қайта кўриб чиқиш ҳақида ариза билан судга мурожаат қилган. Ушбу аризани ўз иш юритувига олган судья жорий йилнинг 27 февраль куни суднинг 2022 йилдаги қарорини бекор қилган ва ишни қайта кўриб чиқишни 11 март кунига тайинлаган.
ДХХ хабарига кўра, судья даъвогардан унинг фойдасига қарор чиқариб бериш эвазига 300 доллар талаб қилган.
Бош прокуратура томонидан судьяга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми «в» банди (Товламачилик йўли билан пора олиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.