
Хитой ҳукумати 2026 йил учун ЯИМ ўсиш мақсадини 4,5 фоиздан 5 фоизгача бўлган оралиқда белгилади. CNN ва BBC News хабарига кўра, бу 1991 йилдан бери қайд этилган энг паст кўрсаткич.
Сўнгги 3 йил давомида Хитой расмийлари иқтисодий ўсиш мақсадини «тахминан 5 фоиз» даражасида қўйиб келаётган эди. 2020 йилда пандемия сабабли мақсадли кўрсаткич белгиланмаган.
«Кўп йиллар давомида биз ташқи зарбалар ва чақириқлар ички қийинчиликлар ҳамда қатъий сиёсий қарорлар билан уйғунлашиб кетган бу қадар жиддий ва мураккаб вазиятга камдан-кам дуч келганмиз», — деди ХХР Давлат кенгаши бош вазири Ли Цян Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши сессиясининг очилишида. У мамлакат иқтисодиёти ҳанузгача «чуқур илдиз отган таркибий муаммолар» шароитида эканини, аммо шу билан бирга ўтган йил давомида «ҳайратланарли барқарорлик» кўрсатганини тан олди.
Пекин истеъмолнинг сустлиги, аҳолининг қисқариши, кўчмас мулк бозоридаги инқироз каби ички муаммолар, шунингдек, АҚШ билан савдо таранглиги ва Эрондаги уруш туфайли юзага келган энергетика инқирози ортидан келиб чиққан ташқи беқарорлик фонида ўз иқтисодиётини қайта қуришга интилмоқда, деб қайд этади BBC News.
Ли Цян Хитойнинг 2030 йилгача бўлган иқтисодий ривожланиш режаси инновациялар, юқори технологик тармоқлар, илмий тадқиқотларга инвестициялар ҳамда уй хўжаликлари истеъмолини рағбатлантириш бўйича қўшимча саъй-ҳаракатларни ўз ичига олишини эълон қилди. Келаси 5 йил ичида ҳукумат ХХРнинг саноат салоҳиятини кенгайтириш учун илм-фан ва технологиялар, транспорт ҳамда энергетика соҳаларида 100 дан ортиқ йирик лойиҳаларни амалга оширишни ният қилган.
1970-йиллар охирида бошланган иқтисодий ислоҳотлар Хитойнинг қарийб уч ўн йиллик давомида икки хонали рақамлар билан ўсишини таъминлаган эди. 2010 йилда ХХР Японияни ортда қолдириб, дунёнинг иккинчи йирик иқтисодиётига айланди. Бироқ сўнгги ўн йилликда ўсиш суръатлари секинлашди, иқтисодий вазият эса расмийларнинг пандемияга қарши курашдаги қатъий чоралари туфайли янада оғирлашди, деб тушунтиради CNN.
Уй-жой қурилиши, ишлаб чиқариш ва инфратузилмага йўналтирилган инвестициялар — Хитой иқтисодий ўсишининг асосий ҳаракатлантирувчи кучлари — ўтган йили пасайишни кўрсатди. Кўчмас мулк секторидаги инқироз бешинчи йилдирки давом этмоқда, бу эса иқтисодиётни сусайтириб, истеъмолчиларнинг ишончини пасайтирмоқда, деб қайд этади телеканал.