Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 09/03/2026

Ўзбекистонда камбағаллик чегараси кечикиш билан янгиланди: у ойига 715 минг сўмгача оширилди

Миллий статистика қўмитаси аҳолининг янгиланган минимал истеъмол харажатлари (МИХ) миқдорини эълон қилди.

Камбағаллик чегарасини белгилашда қўлланиладиган ушбу кўрсаткич 6,9 фоизга — бир киши учун ойига 669 минг сўмдан 715 минг сўмгача (кунига 22 минг сўмдан 23 минг сўмгача) оширилди.

Қонунчиликка кўра, қўмита ҳар йили 20 январга қадар ушбу кўрсаткични эълон қилиши керак. Бироқ, ўтган йилдагидек, МИХ миқдори кечикиш билан янгиланди. Минимал истеъмол харажатларининг эълон қилиниши кечикиши ижтимоий тўловларнинг белгиланган муддатдан кечроқ индексланишига олиб келади, оқибатда кам таъминланган оилалар амалда маблағларни тўлиқ ололмай қоладилар.

Охирги марта МИХ 2025 йилнинг февраль ойида 3,2 фоизга оширилган эди.

Ҳисоблаш тартибига кўра, келгуси йил учун минимал истеъмол харажатлари озиқ-овқат, ноозиқ-овқат маҳсулотлари ва хизматлар нархлари даражасидан, яъни инфляциядан келиб чиқиб индексланади.

Шу билан бирга, 2025 йилда инфляция 7,3 фоизни ташкил этган бўлса-да, МИХ атиги 6,9 фоизга ўсди. Статистика агентлиги буни камбағаллик чегарасини аниқлаш учун ўтказиладиган сўровномада иштирок этувчи уй хўжаликларининг истеъмол таркиби бошқача экани ва унда озиқ-овқат маҳсулотлари устуворлик қилиши билан изоҳлайди. Ўтган йили озиқ-овқат инфляцияси 5,5 фоизни ташкил этган.

2022 йилдан бошлаб оилани «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими орқали кам таъминланган деб эътироф этишда қўлланиладиган жон бошига тўғри келадиган ўртача ойлик даромад мезони минимал истеъмол харажатларига тенглаштирилган.

Баъзи нафақалар ва бошқа ижтимоий нормалар МИХ миқдоридан кам бўлмаслиги керак.

Минимал истеъмол харажатлари инсоннинг озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотларига, шунингдек, хизматларга бўлган кундалик эҳтиёжларини ҳисобга олади. Ушбу услуб инсоннинг кунлик бюджетини ҳисоблаш учун зарур бўлган базавий харажатларни аниқлашни назарда тутади.

Қўмита маълумотларига кўра, МИХдан қуйидаги мақсадларда фойдаланилади:

  • моддий ва бошқа ижтимоий ёрдамга муҳтож аҳолининг мақсадли гуруҳини аниқлаш;
  • аҳолининг реал истеъмол даражаси ва эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда миллий камбағаллик чегарасини белгилаш;
  • камбағалликни қисқартириш бўйича дастурлар самарадорлиги ва манзиллилигини ошириш;
  • ижтимоий соҳадаги давлат стратегиялари ва дастурлари ижросини мониторинг қилиш.

Таққослаш учун: Қирғизистонда камбағаллик даражаси тахминан 25 фоизни ташкил этади. Бу камбағаллик даражасини аниқлаш учун асос бўлиб хизмат қиладиган яшаш минимуми юқорироқ даражада белгилангани билан боғлиқ. 2025 йил якунларига кўра, Қирғизистонда яшаш минимуми 9,2 фоизга ўсиб, 8697,32 сомни (тахминан 1,2 млн сўм) ташкил этди. Қўшни давлатда ушбу кўрсаткич ҳудудлар ва аҳоли гуруҳлари (жинси, болалар ёши, пенсионерлар, банд бўлганлар) кесимида белгиланади. Энг юқори яшаш минимуми пойтахт Бишкекда қайд этилган: 8984,12 сом. Болалар учун бу кўрсаткич 7379,07 сомни ташкил этади.