Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Видео 09/03/2026

Озарбайжоннинг Нахичеван ҳудудига Эрон дронлари қулади. Икки маҳаллий фуқаро жароҳатланди (видео)

Озарбайжон ижтимоий тармоқлари ва ОАВларида 2026 йил 5 март куни Эрон дрони Нахичеван аэропорти ҳудудига қулагани айтилган видео тарқалди.

Бироздан сўнг Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги кундузи соат 12 лар атрофида Эрон ҳудудидан мамлакатнинг Нахичеван Автоном Республикасига учувчисиз учиш аппаратлари орқали ҳужумлар уюштирилганини маълум қилди.

Битта дрон аэропорт терминали биносига бориб урилган, яна бири эса Шакаробод қишлоғидаги мактаб биноси яқинига қулаган.

«Биз Эрон ҳудудидан учирилган, аэропорт биносининг шикастланишига ва икки нафар маҳаллий турғуннинг жароҳатланишига сабаб бўлган ушбу дрон ҳужумларини кескин қоралаймиз», — дейилади Озарбайжон ТИВ баёнотида.

Ташқи сиёсат идораси Эрондан қисқа муддат ичида «ушбу ҳолат бўйича аниқ тушунтириш беришни, тегишли тергов ўтказишни ва келажакда бу каби ҳужумлар қайтарилмаслигини таъминлаш учун зарур шошилинч чоралар кўришни» талаб қилди.

«Озарбайжон томони тегишли жавоб чораларини кўриш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади», — деб баёнот берди ТИВ.

Шунингдек, вазирлик Эроннинг Бокудаги элчиси Мужтабо Демирчилуни чақиртириб, Эрон томонига кескин протест билдирди ва нота топширди.

Озарбайжон Мудофаа вазирлиги ўз навбатида «мамлакат ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини ҳимоя қилиш, тинч аҳоли ва фуқаролик инфратузилмаси хавфсизлигини таъминлаш учун зарур жавоб чораларини тайёрлаётганини» маълум қилди.

«Ушбу ҳужумлар жавобсиз қолмайди», — деб таъкидланади Мудофаа вазирлиги баёнотида.

Қайд этиш жоизки, бундан олдин, 2026 йил 4 март куни Эрондан учирилган баллистик ракета Туркияга қулаган эди.

Ушбу мамлакат Миллий мудофаа вазирлиги хабар беришича, ўқ-дори Ироқ ва Сурия ҳаво ҳудуди орқали учиб ўтиб, Туркия томон йўналган. У Шарқий Ўрта денгизда жойлаштирилган НАТО Ҳаво мудофааси ва ракетага қарши мудофаа воситалари ёрдамида тутиб қолинган ва зарарсизлантирилган.

Хатай вилоятига қулаган ўқ-дори парчаси нишонни ҳавода йўқ қилиш учун қўлланилган ракета-тутувчининг бўлаги экани аниқланган.

Ҳодиса оқибатида ҳалок бўлганлар ва жабрланганлар йўқ.

«Туркия минтақавий барқарорлик ва тинчлик тарафдори, шу билан бирга ўз ҳудуди ва фуқароларини ҳар қандай иштирокчи ёки йўналишдан келадиган таҳдидлардан тўлиқ ҳимоя қилишга қодир. Еримиз ва ҳаво ҳудудимизни ҳимоя қилиш учун барча зарур қадамлар қатъият билан ва иккиланишсиз амалга оширилади», — дейилади мамлакат Мудофаа вазирлиги баёнотида.

Туркия барча томонларни минтақадаги можаронинг авж олишига сабаб бўлиши мумкин бўлган қадамлардан тийилишга чақирди.