
Ўзбекистонда мақсадли ипотека омонатлари механизмини жорий этиш режалаштирилмоқда. Ушбу норма президентнинг 2026 йил 24 февралдаги аҳолини уй-жой билан таъминлашни жадаллаштириш ва ипотека кредити тизимини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисидаги фармонида кўзда тутилган.
Синов лойиҳасини 2026 йил 1 июлдан 31 декабргача амалга ошириш мўлжалланмоқда.
Ҳужжатга кўра, ипотека субсидияси ажратилиши тўғрисида хабарнома олган фуқаролар тижорат банкида ихтиёрий равишда жамғариб бориладиган ипотека омонатини очишлари мумкин бўлади. Омонат миқдори ипотека кредити бўйича бошланғич бадал суммасидан кам бўлмаслиги керак.
Бундай омонатдаги маблағлар 12 ойдан ортиқ бўлмаган муддат давомида сақланиши мумкин.
Давлат бюджетидан бошланғич бадалнинг бир қисмини қоплаш учун ажратиладиган субсидиялар ушбу омонатга олдиндан тўлов сифатида ўтказилади. Қолган маблағларга банклар бозор ставкаси бўйича фоизлар ҳисоблайди.
Жамғарилган маблағлар ҳисобланган фоизлар билан биргаликда ипотека кредити бўйича бошланғич бадални шакллантиришга йўналтирилади.
Агар фуқаро омонатнинг амал қилиш муддати давомида уй-жой сотиб олмаса, банк жамғарилган маблағлар ва фоизларни тегишли пропорцияда фуқарога ва давлат бюджетига қайтаради.
Бундан ташқари, ҳужжатда ипотека кредитлари бўйича фоиз ставкасининг бир қисмини субсидиялаш ҳам кўзда тутилган. Давлат кредит олингандан кейинги дастлабки 5 йил давомида фоиз тўловларининг Ўзбекистон Марказий банки асосий ставкасидан ошган қисмини қоплаб беради.
Шу билан бирга, фуқароларнинг субсидия олиш учун ижтимоий мезонларга мувофиқлигини баҳолаш Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг subsidiya.idm.uz тизими орқали инсон омилисиз, автоматик тарзда амалга оширилади.