Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жаҳон 08/03/2026

«Эрон аҳолиси уруш ва репрессив ҳукумат ўртасида қолди». БМТ миссияси АҚШ ва Исроилнинг Эрон билан урушини қоралади

Эрон бўйича БМТ мустақил халқаро фактларни ўрганиш миссияси 2026 йил 4 март куни Исроил ва АҚШ томонидан Эронга берилган зарбаларни қораловчи баёнот чиқарди.

Миссиянинг таъкидлашича, Исроил ва АҚШнинг ҳужумлари ҳамда улардан кейин Эроннинг бутун минтақа бўйлаб берган жавоб зарбалари БМТ Низомига зид. Мазкур низом «ҳар қандай давлатнинг ҳудудий яхлитлиги ёки сиёсий мустақиллигига қарши куч ишлатишни тақиқлайди».

«Халқаро ҳуқуқ нормалари барчага нисбатан бирдек ва изчил қўлланилиши керак — улар ҳаракатни қайси давлат амалга ошираётганига қараб ўзгариши мумкин эмас», — дейилади баёнотда.

«Эрон аҳолиси ҳозирда ҳафталар ёки ойлар давомида давом этиши мумкин бўлган кенг кўламли ҳарбий кампания ҳамда инсон ҳуқуқларини қўпол равишда бузиш бўйича узоқ тарихга эга бўлган ҳукумат ўртасида қолмоқда. Улар 2025 йил 28 декабрда бошланган норозилик намойишларининг шафқатсизларча бостирилишидан ҳали тўлиқ ўзига келиб улгурмаган эди», — деб ёзилган ҳужжатда.

Миссия Минабдаги қизлар мактабига берилган зарбалар ҳақидаги хабарлардан «чуқур ларзага келганини» билдирди. Расмий маълумотларга кўра, у ерда 150 нафардан ортиқ ўқувчи ва ўқитувчи ҳалок бўлган. Миссия маълумотларига кўра, қурбонларнинг аксарияти 7 ёшдан 12 ёшгача бўлган мактаб ўқувчилари бўлган.

Шунингдек, миссия АҚШ ва Исроилнинг «мақсадли авиазарбалари» натижасида ўнлаб Эрон расмийлари ўлдирилганидан норозилик билдирди. «Ҳатто ушбу шахсларнинг баъзилари инсон ҳуқуқлари бузилиши ёки халқаро жиноятлар учун жавобгар бўлса ҳам, суддан ташқари ҳаётдан маҳрум қилиш халқаро ҳуқуққа мувофиқ адолатни қарор топтиришнинг мақбул воситаси ҳисобланмайди», — дейилади баёнотда.

Миссия Эроннинг қўшни давлатларга берган жавоб зарбаларидан ҳам жиддий хавотирда эканини билдириб, улар минтақа бўйлаб тинч аҳоли ўлимига ва фуқаролик инфратузилмасининг вайрон бўлишига олиб келаётганидан огоҳлантирди.

Эрон бўйича мустақил халқаро фактларни ўрганиш миссияси 2022 йил 24 ноябрда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши томонидан Эронда 2022 йил 16 сентябрда бошланган норозилик намойишлари билан боғлиқ инсон ҳуқуқлари бузилиши ҳолатларини текшириш учун ташкил этилган эди.