
Ўзбекистонда йўл ҳаракати қоидалари бузилишини фото ва видео қайд этиш тизимлари ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмаган ёки транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилган ҳайдовчиларни аниқлашни бошлади. Бу ҳақда ИИВ ЖХД ЙҲХХ матбуот котиби Зойир Йўлдошев маълум қилди.
2026 йил 23 февралдан 3 мартгача қурилмалар тест режимида ишлади. Эндиликда улар тўлиқ ишга туширилди. Камералар, шунингдек, транспортни бошқариш вақтида мобил телефондан фойдаланиш ҳолатларини ҳам қайд этади.
Транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқи бўлмаган шахслар томонидан бошқарилиши базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари, бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилган шахслар томонидан бошқарилиши эса 50 баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади (Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 135-моддаси).
Жарима қўлланилганидан кейин такроран содир этилган ҳуқуқбузарлик БҲМнинг 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 2 йилдан 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади (Жиноят кодексининг 261-2-моддаси).
Аввалроқ ИИВ ЖХД матбуот хизмати 26 февралдан 4 мартгача Ўзбекистонда 7713 та қўпол йўл ҳаракати қоидабузарлиги аниқлангани, 5300 та автомобиль жарима майдончаларига жойлаштирилгани ҳақида хабар берган эди. Қоидабузарлар орасида 66 нафар вояга етмаган шахслар ҳам борлиги аниқланган.