Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 08/03/2026

Тошкент марказида зарарланган 73 та дарахт кесиб ташланади

Тошкентнинг марказий кўчалари — Алишер Навоий, Мустақиллик, Шаҳрисабз ва Темур Малик кўчаларида зараркунандалар ва касалликлар туфайли шикастланган 73 та дарахт кесилади, деб хабар берди пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати.

Пойтахт маъмурияти репортажида қайд этилишича, мутахассислар шаҳарнинг марказий кўчаларидаги дарахтлар ҳолатини ўрганиб чиққан. Текширув давомида 200 дан ортиқ дарахтда турли касаллик ва шикастланишлар аниқланган.

Уларнинг аксариятини даволаш ва сақлаб қолишга муваффақ бўлинди, бироқ айрим дарахтлар биологик фаол бўлишига қарамай, зараркунандалар таъсирида ўта заифлашиб қолган, деб таъкидлади маъмурият.

Алоҳида аҳамиятга эга бўлган кўчаларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш бошқармаси бошлиғи Дилёр Эсоновнинг сўзларига кўра, бошқарма тасарруфидаги марказий кўчалардаги кўп йиллик манзарали дарахтларга мутахассислар томонидан мунтазам хизмат кўрсатилади. Ҳокимлик маълумотларига кўра, ҳар йили ўсимликларни касаллик ва зараркунандалардан ҳимоя қилиш учун олти марта кимёвий ишлов берилади.

«Шунга қарамай, марказий кўчаларимизда ёмғир ёққан вақтда дарахтларнинг барқарорлигини йўқотиб, йиқилиш ҳолатлари тез-тез кузатилмоқда. Бундай вазиятларнинг олдини олиш мақсадида 270 та дарахтнинг хавфли шохлари кесилиб, кесилган жойларга махсус эритма билан ишлов берилди ва бўялди. Кесилиши зарур бўлган 73 та дарахтнинг ҳолати ўрганилганда — танасининг ичига қурт ва чумолилар кириб кетгани, улар бир неча йил давомида ўша ерда яшаб, жиддий зарар етказгани маълум бўлди», — деди Дилёр Эсонов.

Унинг айтишича, кесилган дарахтлар ўрнига янгилари экилади ва уларни ободонлаштириш бошқармаси мутахассислари парвариш қилади.

Тошкент шаҳар экология бошқармаси бўлим бошлиғи Турсунпўлат Эгамовнинг таъкидлашича, Алишер Навоий, Мустақиллик, Шаҳрисабз ва Темур Малик кўчаларидаги дарахтлар ободонлаштириш ва экология бошқармалари ҳамда пойтахт Ботаника боғи ходимларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан ўрганилган.

Унинг сўзларига кўра, айрим дарахтлар ташқаридан биологик фаол кўринса-да, лекин улар қийшайган, зараркунандалардан қаттиқ шикастланган ва кучли қор ёғиши оқибатида йиқилиб тушиши мумкин. Кесиш ҳақидаги қарор одамлар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида қабул қилинди, деб таъкидлади эколог. «Биз барчадан буни тўғри тушунишларини сўраймиз», — дея қўшимча қилди.

«Биринчи навбатда зараркунандаларга қарши курашишга ҳаракат қилдик. Афсуски, дарахтларнинг бир қисми 50 фоиздан кўпроқ даражада зараркунандалар билан зарарланган. Бу натижа бермаяпти. Агар улар кесилмаса, ушбу зараркунандаларнинг қўшни дарахтларга тарқалиш эҳтимоли жуда юқори. Шу сабабли биз шундай қарорга келдик», — деди Турсунпўлат Эгамов.

Ҳокимлик ҳозирча кесиш ишлари айнан қачон амалга оширилишига аниқлик киритмади.