Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 08/03/2026

Банклар карталараро ўтказмалар мақсадини кўрсатишни ихтиёрий равишда жорий этишлари мумкин — Марказий банк

Тижорат банклари ва тўлов ташкилотлари мобил иловаларда карталараро ўтказмалар амалга оширилаётганда операция мақсадини кўрсатиш функциясини ихтиёрий асосда жорий этишлари мумкин бўлади. Бу ҳақда Ўзбекистон Марказий банки маълум қилди.

Аввалроқ регулятор президентнинг 2025 йил 10 декабрдаги «Нақд пулсиз ҳисоб-китобларни оммалаштириш ва яширин иқтисодиёт улушини қисқартириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони ижроси доирасида банкларга хат юборган эди. Унда мобил иловалар орқали жисмоний шахслар ўртасидаги ўтказмаларда операция мақсадини кўрсатиш функциясини жорий этиш топширилган эди.

Хатда, шунингдек, талаблар ўз вақтида ёки тўлиқ ижро этилмаган тақдирда тижорат банклари ва тўлов ташкилотларига нисбатан қонунчиликда назарда тутилган чора ва санкциялар қўлланилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантириш мавжуд эди. Бироқ ушбу талаб регуляторнинг меъёрий ҳужжатларида ўз аксини топмаган.

Марказий банк мазкур функцияни жорий этиш банклар ва тўлов ташкилотлари мобил иловаларининг техник имкониятлари ҳамда хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда амалга оширилишини аниқлаштирди.

«Мижозлар учун рақамли хизматлар қулайлигини ошириш мақсадида тижорат банклари ва тўлов ташкилотлари ўз ички сиёсати ва техник имкониятларидан келиб чиққан ҳолда, мобил иловаларда P2P-ўтказмаларида операция мақсадини кўрсатиш функциясини ихтиёрий асосда жорий этишлари мумкин», — дейилади хабарда.

Регулятор, шунингдек, банклар ва тўлов ташкилотларидан механизмни янада такомиллаштириш бўйича ўз таклиф ва мулоҳазаларини Марказий банкнинг тўлов тизимлари департаментига юборишни сўради.

Шу билан бирга, банклар функцияни амалга ошириш форматини мустақил равишда белгилашлари мумкин бўлади — масалан, ўтказма мақсадини кўрсатиш учун параметрлар рўйхатини кенгайтириши ёки қисқартириши мумкин.

Марказий банк таклиф этилаётган ўзгаришлардан мақсад — онлайн платформалар ўртасидаги рақобатни ривожлантириш ва нақд пулсиз ҳисоб-китоблардан фойдаланишни кенгайтириш эканини таъкидлади, бу эса банк иловалари фойдаланувчилари учун рақамли сервислар қулайлигини ошириши керак.

Марказий банк ҳам «ўтказма мақсади» функциясининг ўзини, ҳам унинг параметрларини жорий этиш ихтиёрий эканини тасдиқлади.

Эслатиб ўтамиз, айрим тўлов сервислари ва банклар карталараро пул ўтказмаларида мақсадни кўрсатишни мажбурий қилувчи янги функцияни жорий этган эди. Маблағ юборишда фойдаланувчига 16 та тоифадан бирини танлаш таклиф этилади:

  • товарлар ёки савдо операциялари учун тўлов;
  • озиқ-овқат ва овқатланиш харажатлари;
  • қарзни қайтариш;
  • пул ёрдами;
  • оила ёки қариндошларга ўтказма;
  • совға;
  • етказиб бериш учун тўлов;
  • ижара тўлови;
  • коммунал тўловлар;
  • саёҳат харажатлари;
  • таълим харажатлари;
  • тиббий харажатлар;
  • хайрия эҳсони;
  • «миннатдорчилик учун» (чойчақа);
  • кўнгилочар тадбирлар харажатлари;
  • инвестиция ўтказмалари.