Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Сиёсат 07/03/2026

«Халқаро ҳуқуқ тамойилларига зид». Ўзбекистон Президенти БАА раҳбари билан Яқин Шарқдаги воқеаларни муҳокама қилди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2026 йил 4 март куни Бирлашган Араб Амирликлари Президенти шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён билан телефон орқали мулоқот қилди, деб хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Томонлар Яқин Шарқда тобора кескинлашиб бораётган вазият, кучайиб бораётган зиддият ва қарама-қаршиликлар жиддий хавотир уйғотаётганини қайд этдилар.

Муқаддас Рамазон ойида содир бўлаётган бу каби воқеалар халқаро ҳуқуқ тамойилларига зид экани таъкидланди. Томонлар, шунингдек, тинчлик ва барқарорликка таҳдид солувчи ҳар қандай хатти-ҳаракатларни зудлик билан тўхтатиш зарурлигини қайд этдилар.

Давлат раҳбари «Ўзбекистоннинг стратегик шериги ва яқин дўсти бўлган» БАА раҳбарияти ва халқига бирдамлик ҳамда қўллаб-қувватлашини билдирди.

Ўзбекистон Президенти, шунингдек, ҳозирда Амирликлар ҳудудида бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларига кўрсатилаётган ёрдам ва уларни ватанига қайтариш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар учун миннатдорлик билдирди.

Ўз навбатида, БАА Президенти Ўзбекистон етакчисига ушбу мураккаб даврда кўрсатилган қўллаб-қувватлаш, биродарлик ҳурмати ва бирдамлик учун миннатдорлик изҳор этди.

Транспорт вазирлиги аввалроқ Мадина ва Жиддадан (21 та рейс орқали) 4948 киши, шунингдек, Дубайдан 235 киши Ўзбекистонга қайтарилгани ҳақида хабар берган эди. Рейслар давом эттирилмоқда.