
Ўзбекистон резидент-авиакомпаниялари Мадина ва Жиддадан 21 та қайтувчи рейсни амалга оширди ва улар орқали Саудия Арабистонига 2026 йил 28 февралгача борган 4948 киши олиб келинди. Бундан ташқари, Дубайдан (БАА) 235 киши қайтарилди, деб хабар берди Транспорт вазирлиги 4 март куни.
Яқин Шарқнинг қатор давлатлари ҳаво ҳудуди 28 февралдан бери ёпиқлигича қолмоқда. Ўша куни АҚШ ва Исроил Эронга авиазарбалар беришни бошлаган, Эрон эса бунга жавобан Исроил ва минтақадаги бошқа давлатлардаги нишонларга ҳужум қилишга ўтган эди. 28 февралдан 2 мартгача бўлган даврда Саудия Арабистони, БАА, Қатар, Кувайт ва Исроилдан Ўзбекистонга 1681 нафар йўловчи учиб кела олмади.
Президент Шавкат Мирзиёев топшириғига биноан Транспорт вазирлиги резидент-авиакомпаниялар ва хорижий ташувчилар билан ҳамкорликда аниқ режалар ишлаб чиқди. Ушбу ишларни мувофиқлаштириш учун «Ўзавиация» агентлигида туну кун ишлайдиган штаб ташкил этилди, дейилади хабарда.
Вазият доимий равишда ўзгариб бораётганини ҳисобга олиб, шунингдек, минтақа давлатлари авиация ҳукуматлари билан музокаралар якунида эришилган келишувларни инобатга олган ҳолда, барча авиакомпаниялар парвозларни амалга оширишда риоя қилиши керак бўлган талаблар белгиланди. 2 мартдан бошлаб Ўзбекистондан Яқин Шарқ мамлакатларига ва у ердан ортга барча йўловчи рейслари тақиқланди. Умра зиёрати дастури тўхтатилди. Фақат репатриация (қайтариш) рейсларига рухсат берилган.
Транспорт вазирлиги қайтувчи рейслар бўйича маълумотларни аниқлаштириш учун фақат авиакомпаниялар ваколатхоналарига мурожаат қилиш кераклигини эслатди. Вазирлик сўнгги кунларда Ўзбекистонга олиб келиш ёки олиб кетишни ваъда қилаётган «воситачилар» фаоллашганидан огоҳлантирди.
«Ўзавиация»да йўловчиларга ёрдам бериш учун колл-марказ ҳам ишламоқда: +998-78-120-00-72, +998-71-200-07-65. Аввалроқ биз Ўзбекистоннинг Яқин Шарқ давлатларидаги дипломатик миссиялари алоқалари рўйхатини эълон қилган эдик.