Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Видео 06/03/2026

Тошкентда порахўрлик иши бўйича жиноят қидирув бўлимининг икки ходими қўлга олинди (видео)

Тошкент шаҳар ИИББ жиноят қидирув бўлимининг икки нафар тезкор ходими пора олганликда гумонланиб қўлга олинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Идора маълумотларига кўра, ДХХ ходимлари ўтказилган тезкор тадбир давомида хизмат мавқеини суиистеъмол қилиб, шахсий манфаат йўлида ноқонуний хатти-ҳаракатлар содир этган икки нафар тезкор ходимнинг фаолиятига чек қўйган.

Хусусан, Шайхонтоҳур тумани ИИО ФМБ жиноят қидирув бўлими катта тезкор ходими Тошкент шаҳар ИИББ жиноят қидирув бошқармаси катта тезкор ходими билан олдиндан тил бириктириб, Олмазор туманида истиқомат қилувчи фуқародан (1982 йилда туғилган) 2200 доллар талаб қилган.

Тергов талқинига кўра, ушбу маблағ фуқаронинг ёнидан 3 грамм гашиш топилгани ҳолати бўйича ўтказилаётган терговга қадар текширув материаллари доирасида уни жиноий жавобгарликка тортмаслик эвазига сўралган.

Маълум қилинишича, тезкор ходим аввалроқ 1000 доллар олган бўлиб, қолган 1200 долларни ўз хизмат хонасида олаётган вақтида ДХХ Тошкент шаҳар бошқармаси ходимлари томонидан қўлга олинган.

Эълон қилинган видеода ходимлардан бири пул олган-олмагани ҳақидаги саволга ҳеч нарса олмаганини айтиб жавоб беради. Кейинроқ люминесцент белгилар ва «пора» ёзуви туширилган 100 долларлик банкноталар, шунингдек, гумонланувчининг қўлларида махсус бўёқ излари намойиш этилади.

Шунингдек, пойтахт ИИББнинг иккинчи катта тезкор ходими ҳам процессуал тартибда ушланган.

Тошкент шаҳар прокуратураси уларга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми (пора олиш / 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади) билан жиноят иши қўзғатди. Улар қамоққа олинган.