Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 06/03/2026

Ўзбекистонда мустақил ва никоҳга тайёр жуфтликларнинг оила қуриши рағбатлантирилади

Ўзбекистонда молиявий мустақилликка эришган ва оила қуришга ҳар томонлама тайёр бўлган, муайян ёшга етган ёшлар ўртасида никоҳ тузилишини рағбатлантириш режалаштирилмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев 2026 йил 3 март куни бу борадаги фармонни имзолади, деб хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Президент томонидан маъқулланган таклифлар идоралараро кенгаш томонидан кенг жамоатчилик, соҳа экспертлари фикрлари ҳамда илғор халқаро тажриба асосида тайёрланган. Хабарда айтилишича, эрта никоҳ ва туғруқларнинг, шунингдек, хотин-қизлар ва болаларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш Ўзбекистонда оила институтини мустаҳкамлаш ва жамиятда соғлом муҳитни шакллантиришнинг энг муҳим йўналишларидан бири.

21 ёш — оптимал ёш

Бугунги кунда никоҳларнинг 40 фоизи 18-19 ёшдаги ёшлар ўртасида тузилмоқда. Шу билан бирга, халқаро тавсияларда 21 ёш никоҳ қуриш учун энг мақбул ёш сифатида белгиланган — бу вақтда инсон, қоида тариқасида, молиявий мустақилликка ва ижтимоий етукликка эришади, дейилади хабарда.

2027 йилдан бошлаб, иккала томон ҳам камида 21 ёшга тўлганда илк бор никоҳ қурган ёш оилаларга давлат томонидан қўшимча имтиёзлар ва бошқа қўллаб-қувватлаш чоралари тақдим этилади.

Ушбу оилалар Ижтимоий реестрга киритилганда, оила аъзоларига ўз фаолиятини қўллаб-қувватлаш, ривожлантириш, даромадларини ошириш ёки мураккаб ҳаётий вазиятдан чиқиш учун бериладиган молиявий ёрдам (субсидиялар, заёмлар, грантлар) қонунчилик ҳужжатларида белгиланган миқдорларга нисбатан 1,5 баравар оширилган миқдорда ажратилади.

Жорий этилган чоралар қаторида — никоҳ шартномасини имзолаган жуфтликларни никоҳни қайд этганлик учун давлат божини тўлашдан озод қилиш ҳам бор.

Бундан ташқари, қонунчиликда никоҳ ёшини пасайтириш учун аниқ (тугал) асослар белгиланади. Ҳозирда ҳокимлар истисно ҳолларда узрли сабаблар (ҳомиладорлик, бола туғилиши ва вояга етмаган шахснинг тўлиқ муомала лаёқатига эга деб эълон қилиниши) бўлганда никоҳ ёшини 18 ёшдан 17 ёшгача пасайтириш ҳуқуқига эга.

Олий таълим олиш учун «иккинчи имконият»

2026/2027 ўқув йилидан бошлаб ҳомиладор талабалар ва 3 ёшгача бўлган болани тарбиялаётган талабаларга олий таълим олиш учун «иккинчи имконият» берилади.

Курсда қолдирилган ёки талабалар сафидан четлаштирилган талабалар, истисно тариқасида, академик фарқни қайта ўзлаштириш шарти билан ўқишини давом эттириш имкониятига эга бўладилар. Шунингдек, уларга академик фарқни мустақил ўзлаштириш учун қўшимча муддат берилади ва шароитлар яратилади.

Ҳомиладор талабалар ёки 3 ёшгача бола тарбиялаётган талабалар академик таътил даврида ўз хоҳишига кўра ўқишни масофавий шаклда давом эттириши имкониятини жорий этиш кутилмоқда. Бундай талабалар учун масофавий таълим шакли бўйича кадрлар тайёрлаш йўналишлари ва қабул квоталарини ошириш ҳам режалаштирилган.

Эрта никоҳларга қарши курашни кучайтириш

Фармон билан вояга етмаганлар билан никоҳ қуришга даъват қилиш (ундаш), шунингдек, бундай никоҳларни тарғиб қилганлик учун маъмурий жавобгарликни жорий этиш кўзда тутилган. Бундан ташқари, никоҳ ёши тўғрисидаги қонунчиликни ёки никоҳ тузиш тартибини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик кучайтирилади.

2026 йил 1 сентябрдан бошлаб никоҳ ёши тўғрисидаги қонунчиликни ёки никоҳ тузиш тартибини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун ундирилган жарима суммасининг 15 фоизи бундай ҳолатлар ҳақида хабар берган шахсларни рағбатлантиришга йўналтирилади.

Бундан буён ички ишлар органлари ва «Инсон» ижтимоий хизматлар марказларини эрта никоҳ ва 16 ёшгача бўлган ҳомиладорлик ҳолатлари ҳақида хабардор қилиш мажбурияти фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва ФҲДЁ вакиллари, таълим ва тиббиёт муассасалари, шунингдек, диний ташкилотлар зиммасига юкланади. Бу ҳақда хабар бермаслик уларни маъмурий жавобгарликка тортиш учун асос ҳисобланади.

Шунингдек, эрта никоҳ ва 16 ёшгача ҳомиладорлик ҳолатлари аниқланган аёллар ҳақидаги маълумотларнинг махфийлиги ва ҳимоя қилиниши кафолатлари жорий этилади.