
Марказий банк маълумотларига кўра, Ўзбекистонда долларнинг расмий курси январь ойидаги ўсишдан кейин февралда пасайди.
Ўтган ой давомида сўм долларга нисбатан 0,7 фоизга ёки 88,59 сўмга — 12225,16 сўмдан 12136,57 сўмгача мустаҳкамланди. Таққослаш учун, январь ойида сўм 1,6 фоизга қадрсизланган эди.
2025 йилнинг февраль ойи билан солиштирганда мустаҳкамланиш бироз кучсизроқ бўлди: бир йил аввал сўм 0,8 фоизга ошганди. Шу билан бирга, аввалги йилларнинг февраль ойларида миллий валюта ўртача 0,5 фоиз атрофида қиймат йўқотган.
Иқтисодчи, Жанубий Кореянинг Чонбук миллий университети «Халқаро савдо» йўналиши магистри, Mirkonomika Telegram-канали муаллифи Миркомил Холбоев ой давомида курс нисбатан барқарорликни намойиш этганини кўрсатди: 10 та савдо сессиясида сўм мустаҳкамланган, 10 тасида эса (асосан ой бошида) қадрсизланган.
Унинг сўзларига кўра, ўртача кунлик волатиллик 0,21 фоизни ташкил этди, бу январь ойидаги кўрсаткичдан паст. Шу билан бирга, бу валюта коридори кенгайишни бошлаган май ойидан бери сўм-доллар жуфтлигидаги энг паст волатиллик.
Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкорлари валюталари орасида февраль ойида хитой юани 1,6 фоизга мустаҳкамланди, Россия рубли ва қозоқ тенгеси эса 0,1 фоизга қадрсизланди. Жаҳон валюталари орасида Британия фунти 1,2 фоизга, япон иенаси 0,6 фоизга, евро 0,2 фоизга пасайди, Швейцария франки эса 0,03 фоизлик кичик ўсишни кўрсатди.
Шунингдек, у валюта бозорларида волатилликнинг умумий пасайишини қайд этди: ўтган ойга нисбатан евронинг тебранишлари 0,43 фоиздан 0,25 фоизгача, рублники — 0,68 фоиздан 0,48 фоизгача, иенаники эса 0,75 фоиздан 0,46 фоизгача қисқарди.