
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Эрондан Туркманистон орқали Ўзбекистонга транзит йўли билан қайтаётган мамлакат фуқароларига ёрдам кўрсатиш чораларини кўрди, деб хабар берди «Дунё» АА.
Ўзбекистоннинг Ашхободдаги элчихонаси ТИВ штаби ва Туркманистоннинг ваколатли ташкилотлари билан яқин ҳамкорликда ишламоқда, шунингдек, Ўзбекистоннинг Эрондаги элчихонаси билан доимий алоқада бўлиб турибди.
Элчихона ходимлари фуқароларни Туркманистон-Эрон чегарасидаги Сарахс шаҳрида кутиб олишади. Ўзбекистоннинг Ашхободдаги элчихонаси автотранспорт воситалари сафарбар этилган.
Боғланиш учун шахслар:
- (+993) 64−78−04−44 — Жасур Ашуров;
- (+993) 64−99−34−58 — Жамшид Буриев;
- (+993) 62−20−49−56 — Жасур Аҳмедов (консул).
Эслатиб ўтамиз, 1 март куни Ўзбекистон ТИВ Яқин Шарқдаги вазият кескинлашгани сабабли минтақада бўлиб турган фуқаролар учун тавсияларни эълон қилган эди: расмий маълумотларга таяниш, дипломатик ваколатхоналар билан алоқада бўлиш, маҳаллий меъёрларга риоя қилиш, ҳужжатларни тартибда сақлаш ва алоқа воситаларининг доимий ишлашини таъминлаш.
Шунингдек, ТИВ Ўзбекистоннинг минтақадаги хорижий муассасаларининг фавқулодда алоқа ва ишонч телефонлари рақамларини келтириб ўтган.
Душанба куни ТИВ Ўзбекистон фуқароларига Яқин Шарқ мамлакатларига сафарларни қолдиришни тавсия қилди. Саудия Арабистонига умра дастури вақтинча тўхтатилган, фуқароларни Жидда ва Мадинадан олиб чиқиш бошланади. Исроилдаги ўзбекистонликларга ҳушёрликни сақлаш ва имкон қадар мамлакатни тарк этиш тавсия этилди.