
2026 йил 2 мартга ўтар кечаси Эрон Яқин Шарқдаги Америка ҳарбий базаларига учувчисиз учиш аппаратлари ва ракеталар билан янги ҳужумлар тўлқинини амалга оширди, деб ёзади Fars. Исроил ва АҚШ Эрондаги нишонларни ўққа тутишда давом этди, дея хабар беради Associated Press.
CNN маълумотларига кўра, Дубай ва Абу-Даби (БАА), Доҳа (Қатар), Баҳрайн ва Қувайтда портлаш овозлари эшитилган.
Эрон Миллий хавфсизлик олий кенгаши раҳбари Али Ларижоний унинг мамлакати «Қўшма Штатлар билан ҳеч қандай музокаралар олиб бормаслигини» маълум қилди.
Қувайт Мудофаа вазирлиги янглишиб ўққа тутиш натижасида «бир нечта Америка қирувчи самолётлари» ҳалокатга учрагани ҳақида хабар берди. «Экипажнинг барча аъзолари омон қолди», — дея аниқлик киритди вазирлик.
АҚШ Қуролли кучлари Марказий қўмондонлиги (Centcom) Эрондаги ҳарбий операция бошланганидан буён Америка ҳарбийлари 1000 дан ортиқ нишонга зарба бергани ва 20 дан ортиқ турдаги самолётлар, кемалар, ракеталар ва бошқа қурол тизимларини, жумладан B-2 Spirit стратегик бомбардимончи самолётларини ишга солганини маълум қилди.
Исроил мудофаа армияси (ЦАХАЛ) маълумотларига кўра, 1 март ҳолатига кўра, Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари қирувчилари Эрондаги ҳарбий нишонларга, жумладан баллистик ракета учириш қурилмалари ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларига 1200 дан ортиқ ўқ-дори ташлаган.
«Ҳизбуллоҳ» Исроилга ҳужум қилди. ЦАХАЛ Ливанга зарба берди
Ливаннинг «Ҳизбуллоҳ» қуролли гуруҳи 2 март куни эрталаб Эрон олий раҳбари Али Хаменеийнинг ўлдирилиши ва «Исроилнинг такрорий тажовузлари»га жавобан Исроилга ракеталар учирганини маълум қилди.
Исроил Ливанга, жумладан, мамлакат пойтахти Байрутга кенг кўламли ракета зарбалари билан жавоб қайтарди. ЦАХАЛ «юқори мартабали жангарилар, штаб-квартиралар ва террорчилик инфратузилмасини нишонга олганини» даъво қилди.
Минтақадаги қурбонлар сони ҳақида нималар маълум
Эрон: Эрон Қизил ярим ой жамияти маълумотларига кўра, АҚШ ва Исроил ҳужумлари натижасида 555 киши ҳалок бўлган. Эрон давлат оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, Минобдаги қизлар бошланғич мактабига берилган зарба натижасида камида 165 киши ҳалок бўлган. Хитой ТИВ ҳам Эронда бир Хитой фуқароси ҳалок бўлганини маълум қилди.
Исроил: «Маген Давид Адом» тез ёрдам хизмати Эронга қарши операция бошланганидан бери Исроилда камида 10 киши ҳалок бўлгани ва 200 дан ортиқ киши жароҳатлангани ҳақида хабар берди.
Ливан: Мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, Исроилнинг Жанубий Ливан ва Байрутга берган авиазарбалари натижасида камида 31 киши ҳалок бўлган.
БАА: Эрон зарбалари оқибатида уч киши ҳалок бўлди, деб хабар берди мамлакат Мудофаа вазирлиги.
Қувайт: АҚШ Марказий қўмондонлиги уч нафар америкалик ҳарбий хизматчи ҳалок бўлгани ва беш нафари яралангани ҳақида хабар берди.
Баҳрайн: Салмон шаҳрида тутиб қолинган ракета парчалари «хорижий кема»да ёнғин келтириб чиқариши оқибатида бир киши ҳалок бўлди.
Авиарейсларнинг бекор қилиниши
Содир бўлаётган воқеалар нафақат Яқин Шарқда, балки унинг ташқарисида ҳам «авиация хаоси»га сабаб бўлди, деб ёзади CNN. Бутун дунё бўйлаб авиакомпаниялар рейсларни бекор қилишга мажбур бўлди, бу ўн минглаб йўловчиларга таъсир кўрсатди.
2 март ҳолатига кўра, БАА, Қатар, Қувайт, Исроил, Баҳрайн, Ироқ ва Эрон узра ҳаво ҳудуди ёпиқлигича қолган. Абу-Даби аэропортидан бир нечта рейслар амалга оширилган, бироқ у ҳамон ёпиқ.
Ўзбекистон ТИВ фуқароларга Яқин Шарқ мамлакатларига зиёрат, тижорат, дам олиш ва бошқа мақсадлар билан боғлиқ сафарларни қолдиришни тавсия қилди.