Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 04/03/2026

Ўзбекистонда Оролбўйида сув ресурсларини бошқариш бўйича 4,6 млн долларлик лойиҳа ишга туширилди

Ўзбекистон Сув хўжалиги вазирлигида 2026 йил 27 февраль куни «Орол денгизи минтақасида сув ресурсларини бошқаришни кучайтириш ва иқлим ўзгаришига чидамлиликни ошириш» лойиҳасига старт берилди. Бу ҳақда БМТ Тараққиёт дастурининг (БМТТД) мамлакатимиздаги офиси маълум қилди.

Лойиҳанинг умумий бюджети 4,6 млн долларни ташкил этади. Ташаббус Япония ҳукуматининг молиявий кўмагида БМТ Тараққиёт дастури томонидан амалга оширилади.

2026–2028 йилларга мўлжалланган лойиҳа Оролбўйидаги сув тақчиллиги муаммосини ҳал қилиш ва иқлим ўзгариши оқибатларига қарши курашишга қаратилган.

У тўртта компонентдан иборат:

  • сув ресурсларини бошқариш бўйича миллий ва маҳаллий институтларни мустаҳкамлаш;
  • бошқарув тизимларини рақамлаштириш;
  • сув инфратузилмасини модернизация қилиш ҳамда фермерлар ва кичик ер эгалари салоҳиятини ошириш;
  • минтақавий билимларни бошқаришни ривожлантириш ва аҳоли билан мулоқотни йўлга қўйиш.

Лойиҳа вазифалари қаторига сув ресурсларини бошқариш тизимини мустаҳкамлаш, сувдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулдорлигини ошириш ва маҳаллий жамиятларнинг барқарорлигини таъминлаш киради.

Лойиҳа сув ресурсларини бошқаришнинг шаффоф ва иқлим ўзгаришларига чидамли механизмларини яратишни назарда тутади. Маълумотларга асосланган қарорлар қабул қилиш ва ҳисобдорликни ошириш учун марказлашган ГИС-тизимлари ҳамда сув ресурсларини реал вақт режимида мониторинг қилиш платформаларини жорий этиш режалаштирилган.

Бундан ташқари, ирригация инфратузилмасини тиклаш, томчилатиб суғоришни жорий этиш, иқлимга чидамли қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, оқова сувлардан қайта фойдаланиш ва қайта тикланувчи энергия манбалари ёрдамида сувни чучуклаштириш каби чора-тадбирлар кўзда тутилган. Бу 1000 дан ортиқ фермер ва хонадонлар учун сувдан фойдаланиш самарадорлиги ва маҳсулдорликни ошириши кутилмоқда.

Миллий даражадан ташқари, ташаббус Марказий Осиё мамлакатлари ва Япония билан мулоқот платформалари ва шериклик алоқалари орқали минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришни назарда тутади. Ахборот кампаниялари, ҳужжатли фильмлар яратиш ва форумлар, жумладан, Орол денгизи маданияти саммитини ўтказиш режалаштирилган.

Гендер тенглигига алоҳида урғу берилган: сув ресурсларини бошқариш ва қарорлар қабул қилиш жараёнларида аёллар иштироки устувор йўналиш сифатида белгиланган. Натижаларни мониторинг қилишда гендер бўйича тақсимланган маълумотлардан фойдаланилади.

«Орол денгизининг қуриши давримизнинг энг жиддий экологик инқирозларидан бири. Шу боис Япония дўст Осиё мамлакати сифатида Оролбўйи минтақасидаги инқирознинг салбий оқибатларини юмшатиш мақсадида Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилмоқда. Бугун бошланаётган лойиҳа ушбу форматдаги учинчисидир. Мен сув ресурсларини бошқаришни энг муҳим вазифалардан бири деб ҳисоблайман», — деди Кэндзи Хирата.

«Ушбу ташаббус Ўзбекистон ҳукуматининг сув секторидаги стратегик устувор йўналишларига тўлиқ мос келади. БМТТД билан биргаликда биз Оролбўйи минтақасини мослашиш, инновациялар ва янги имкониятлар моделига айлантирмоқдамиз», — деб таъкидлади сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Зокир Эшпўлатов.

«Биз БМТТДда сиёсий асосларни такомиллаштириш, ишончли маълумотлардан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш, шунингдек, инновацион технологияларни жорий этиш орқали иқлим ўзгариши таъсири ва сув ресурслари билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш учун энг илғор жаҳон тажрибаларини татбиқ этишга содиқмиз. Биргаликда биз Оролбўйи минтақаси фермерлари ва жамиятлари фаровонлиги йўлида масъулиятли сув истеъмоли маданиятини шакллантирмоқдамиз», — деди БМТТДнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Акико Фудзии.

Маълумот учун: 2023–2025 йилларда БМТТД ва Япония ҳукумати «Оролбўйи минтақасида иқлимга чидамли қишлоқ хўжалиги орқали ўз-ўзини таъминлашни қўллаб-қувватлаш» лойиҳасини амалга оширган эди. У Қорақалпоғистоннинг 4 та тумани ва 65 та аҳоли пунктини қамраб олиб, 376 мингдан ортиқ кишининг ҳаёт тарзини яхшилади.

7000 дан ортиқ аҳоли барқарор электр таъминотига, 7700 дан ортиғи тоза ичимлик сувига, 6200 дан зиёди эса яхшиланган таълим ва тиббий инфратузилмага эга бўлди. Лойиҳа доирасида Япониянинг сув таъминоти технологиялари, жумладан, Johkasou оқова сувларни тозалаш тизими жорий этилди.