
Яқин Шарқдаги жорий инқироз туфайли Ўзбекистон фуқароларини эвакуация қилиш ва логистикани қайта кўриб чиқиш масалалари душанба куни Бош вазир Абдулла Арипов ҳузурида ўтган йиғилишда кўриб чиқилди.
Президент Шавкат Мирзиёев топшириғига биноан, ҳукумат раҳбари транспорт вазири Илҳом Маҳкамов зиммасига Саудия Арабистони, БАА, Қатар ва минтақанинг бошқа мамлакатларидан фуқароларни қайтариш чораларини кўриш вазифасини қўйди.
Расмий маълумотларга кўра, Саудия Арабистонида 1000 дан ортиқ ўзбекистонлик зиёратчи бор. Шунингдек, кўплаб Ўзбекистон фуқаролари рейслар бекор қилингани сабабли БААдан учиб кета олишмаган.
Репатриация рейслари Саудия Арабистони, БАА (Дубай ва Абу-Даби) ҳамда Қатарга парвозларни амалга оширувчи барча авиакомпаниялар томонидан ташкил этилади. Бундай рейсларни Uzbekistan Airways, Centrum Air, Qanot Sharq ва Fly Khiva амалга оширмоқда. Яқин Шарқ мамлакатлари йўналишидаги рейслар йўловчиларсиз ижро этилади.
Ташқи ишлар вазирлигига Ўзбекистондан амалга ошириладиган рейсларни мувофиқлаштириш учун тегишли давлатлар билан музокаралар ўтказиш топширилган.
Қайд этиш жоизки, Саудия Арабистони ва Ўзбекистон ўртасидаги рейсларни FlyOne (Молдова) ва Flyadeal (Саудия Арабистони) давом эттирмоқда. 2 март куни Абу-Даби аэропорти ўз фаолиятини қайта тиклади.
Логистикани қайта кўриб чиқиш
Президент, шунингдек, Транспорт вазирлигига экспорт-импорт операциялари учун муқобил транспорт коридорларини ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берди.
Илҳом Маҳкамов аввалроқ хабар берганидек, Ўзбекистоннинг ташқи ташувлари тўққизта халқаро коридор орқали амалга оширилади. Улардан энг муҳимларидан бири — Эрон денгиз портлари орқали ўтадиган жанубий коридор. У орқали экспорт ва импортнинг салмоқли қисми, жумладан, Туркия ва Европадан келадиган юкларнинг 60 фоизигача бўлган қисми ташилади.
2025 йил июнь ойидаги Эрон-Исроил уруши («Ўн икки кунлик уруш») пайтида Ўзбекистон ташқи иқтисодий ташувлар барқарорлигини таъминлаш, нархлар ошишининг олдини олиш ва юкларни ўз вақтида етказиб бериш бўйича шошилинч чоралар кўрган эди.
2025 йил январь ойида Транспорт вазирлиги раҳбари «муаммоли» йўналишлардан ўтиш учун муқобил коридорлар белгиланишини маълум қилганди. Қуйидаги коридорлар тилга олинган эди:
- Туркманистон — Эрон — Туркия — Европа Иттифоқи;
- Туркманистон — Озарбайжон — Грузия — Европа;
- Ўзбекистон (Андижон) — Қирғизистон (Ўш, Эркаштом) — Хитой (Қошғар) (бу коридорни Хитой билан биргаликда ривожлантириш режалаштирилган эди);
- Ўзбекистон — Афғонистон — Покистон.
2026 йил 28 февралдан бошлаб АҚШ ва Исроил Эрон ҳудудига зарбалар бермоқда. Бунга жавобан Эрон Форс кўрфази мамлакатларидаги Америка ҳарбий базаларига ҳужум қилди.