
Тошкент вилоятидаги Дўстлик каналида ўтган йилнинг декабрь ойида ИИБ ходими томонидан уриб юборилган, сўнгра каналга олиб бориб ташлаб юборилган 43 ёшли эркакнинг жасади топилди. Бу ҳақда марҳумнинг яқинлари «Дарё»га маълум қилди.
Яқинларининг сўзларига кўра, жасад 2026 йил 28 февраль куни топилган. «Акамнинг жасади бугун соат 10:30 ларда Дўстлик каналидан топилди. У қумга кўмилиб қолган экан», — деди марҳумнинг қариндоши Шаҳзод Умматқулов.
Жасад ИИБ ходими ва унинг рафиқаси томонидан сувга ташланган жойдан тахминан 4 км пастроқда, буталар остидан топилган.
Аввалроқ Тошкент вилояти ҳокими кўмаги билан каналнинг бир қисми тўсиб қўйилган эди. Сув сатҳи пасайгач, ФВВ қутқарувчилари, маҳалла аҳолиси ва марҳумнинг яқинлари — жами 150 га яқин киши қидирув ишларини олиб борган эди. Ўшанда жасадни топишнинг имкони бўлмаган.
Нима содир бўлган эди?
2025 йил 11 декабрь куни Бўка — Бекобод автомобиль йўлида Nexia-3 автомобилини бошқариб кетаётган ИИБ ходими 43 ёшли эркакни уриб юборган.
Kun.uz нашрининг қайд этишича, у маст ҳолатда бўлган. Нашр маълумотларига кўра, ЙТҲдан сўнг у рафиқасига қўнғироқ қилиб, Matiz автомобилида келишни сўраган. Жабрланувчи Nexia’дан Matiz’га ўтказилган ва воқеа жойидан олиб кетилган. Тергов версиясига кўра, эркак авария жойидан тахминан 35−40 км узоқликда сувга ташлаб юборилган.
Туман прокуратураси Ўзбекистон Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш, одам ўлимига сабаб бўлиши) ва 117-моддаси 2-қисми (хавф остида қолдириш, одам ўлимига сабаб бўлиши) билан жиноят иши қўзғатган. Гумонланувчи қамоққа олинган.