
Ўзбекистонда иситиш мавсуми учун белгиланган 500 куб метрлик газ истеъмолининг базавий меъёри 2026 йил март ойи учун узайтирилмайди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар берди. Бироқ ҳукуматдаги манбанинг маълум қилишича, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти учун истисно тариқасида ушбу базавий меъёрни қўллаш 2026 йил 15 мартга қадар узайтирилган.
Республиканинг қолган ҳудудларида ноябрь ойидан февраль ойигача амал қилган оширилган базавий меъёр 1 мартдан яна 100 куб метргача туширилди. Эндиликда 100 куб метргача истеъмол қилинганда 1000 сўмлик тариф, 101 дан 2500 куб метргача бўлган кўрсаткичда эса 1800 сўмлик тариф қўлланилади.

Маълумот учун, 2025 йилда совуқ ҳаво инобатга олиниб, ушбу меъёр 1 апрелгача узайтирилган эди.
Энергетика вазирлиги президент қарорларига мувофиқ, муҳтож оилаларга ҳар ой электр энергияси ва табиий газ учун компенсациялар берилишини эслатиб ўтди. Компенсация қуйидаги ҳолларда тақдим этилади:
- электр энергияси бўйича — базавий меъёрдан ташқари 150 кВт·соатгача (ойига 200 кВт·соатдан кейин);
- табиий газ бўйича — базавий меъёрдан юқори ҳажм учун: қиш ойларида 250 куб метргача, қолган ойларда эса 150 куб метргача.