
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов 2026 йил 1 март куни Яқин Шарқ мамлакатларидаги ҳамкасблари билан телефон орқали мулоқот қилди. У минтақадаги вазиятни муҳокама қилиб, ушбу мамлакатларга президент Шавкат Мирзиёевнинг қўллаб-қувватлаш ва бирдамлик сўзларини етказди.
Вазирнинг Telegram-каналида хабар қилинишича, у қуйидагилар билан суҳбатлашган:
- Қатар бош вазири ва ташқи ишлар вазири шайх Муҳаммад бин Абдулраҳмон бин Жассим Ол Соний;
- Кувайт ташқи ишлар вазири шайх Жарроҳ ас-Сабоҳ;
- Умон ташқи ишлар вазири Сайид Бадр бин Ҳамад Ал-Бусаидий;
- Иордания бош вазири ўринбосари, ташқи ишлар ва экспатриантлар ишлари вазири Айман Сафадий;
- Баҳрайн ташқи ишлар вазири Абдуллатиф бин Рашид Ал-Заяний;
- БАА бош вазири ўринбосари, ташқи ишлар вазири шайх Абдулла бин Зоид Ол Наҳаён.
Суҳбатларда давлат суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилиш муҳимлиги, шунингдек, минтақавий барқарорликни таъминлаш мақсадида барча масалаларни халқаро ҳуқуқ нормаларига тўлиқ мувофиқ ҳолда фақат тинч, сиёсий-дипломатик воситалар билан ҳал этиш зарурлиги таъкидланди.
Бахтиёр Саидов, шунингдек, Озарбайжон ташқи ишлар вазири Жайҳун Байрамов билан ҳам мулоқот ўтказди. Улар давлат суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиш, халқаро ҳуқуқ нормаларига қатъий риоя этиш масалаларида позициялар муштараклигини қайд этдилар, шунингдек, барча кескинликларни мулоқот ва дипломатик воситалар орқали ҳал этишга содиқликларини билдирдилар.
Аввалроқ Ўзбекистон ТИВ АҚШ ва Исроилнинг Эронга ҳужумлари ҳамда Эроннинг минтақа мамлакатларига берган жавоб зарбалари оқибатида Яқин Шарқдаги вазият кескинлашгани муносабати билан «жиддий хавотир» билдирган эди.
«Биз барча томонларни вазминлик кўрсатишга ва нафақат ҳарбий-сиёсий, балки гуманитар характердаги олдиндан айтиб бўлмайдиган хавфли оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган кейинги қадамлардан тийилишга чақирамиз», — дейилади ТИВ баёнотида.
Ўзбекистон изчил равишда «минтақавий барқарорлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш тарафдори бўлиб чиқади ва вазиятнинг тезроқ нормаллашишига умид қилади», деб қайд этилади баёнотда.