Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жаҳон 02/03/2026

Қозоғистон Бош прокуратураси Эпштейн файлларида тилга олинган собиқ амалдорлар устидан текширув бошлади

Қозоғистон Бош прокуратураси собиқ амалдорларнинг марҳум америкалик молиячи Жеффри Эпштейн билан эҳтимолий алоқаларини текширишни бошлади. Бу ҳақда Бош прокурор Берик Асилов журналистларга маълум қилди, деб хабар бермоқда Tengrinews.kz.

2026 йил 25 февраль куни Қозоғистон парламенти мажилиси (қуйи палатаси) депутати Асхат Раҳимжанов прокуратура ва махсус хизматлардан мамлакатнинг собиқ юқори мартабали мулозимларининг Эпштейн билан эҳтимолий алоқалари ҳақидаги маълумотларни, шунингдек, унинг Қозоғистонга ташрифлари ҳақидаги ОАВ хабарларини текширишни сўраган эди. Раҳимжановнинг сўзларига кўра, собиқ бош вазир ва Миллий хавфсизлик қўмитасининг собиқ раиси Карим Масимов «ёзувларда камида 8 марта тилга олинган». «Улардан Эпштейн ва Масимов шахсан таниш бўлганликлари тўғридан-тўғри келиб чиқади», — деди депутат. У шунингдек, файлларда Эпштейн ва Миллий банк собиқ раҳбари Қайрат Келимбетовнинг биргаликда дам олганликлари ҳақида гап боришини таъкидлади.

«Депутат эндигина мурожаат қилди, лекин шунга қарамай, бу масалани бутун дунё муҳокама қилмоқда. Шу сабабли биз ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари сифатида ушбу қисмда фактларни — бўлган ёки бўлмаганлигини кўриб чиқяпмиз, текширяпмиз», — деди Берик Асилов.

Журналистнинг Карим Масимов ҳақидаги аниқлаштирувчи саволига Бош прокурор дастлабки текширув кетаётганини тасдиқлади.

«Дастлабки текширувни бошладик. Депутат Эпштейн Қозоғистонга келганми ёки йўқми, деган саволни қўймоқда. Бу бўйича текширув аллақачон кетмоқда. Келимбетовнинг ўзи хорижга чиққанми ёки йўқми — бу қўшимча равишда текширилади», — деди.

МХҚ собиқ раҳбари Карим Масимов 2023 йил апрель ойида давлатга хиёнат, ҳокимиятни зўрлик билан босиб олишга уриниш ҳамда ҳокимият ва лавозим ваколатларини суиистеъмол қилишда айбланиб, 18 йилга озодликдан маҳрум этилган эди.

2026 йил январь ойи охирида АҚШ Адлия вазирлиги жинсий жиноятлар учун ҳукм қилинган Жеффри Эпштейн иши бўйича уч миллионга яқин қўшимча материалларни эълон қилди. Файлларда кўплаб таниқли инсонлар: АҚШ президенти Дональд Трамп ва собиқ Британия шаҳзодаси Эндрюдан тортиб Илон Маск ва Билл Гейтсгача тилга олинган. Эпштейн 2019 йил август ойида Нью-Йоркдаги қамоқхона камерасида ўз жонига қасд қилган эди.