Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Бизнес 02/03/2026

Термиздаги Халқаро савдо маркази кенгайтирилади, шунингдек, товар ва хизматлар учун ҚҚС ноллаштирилади

Термиздаги Халқаро савдо марказини 1000 гектаргача кенгайтириш, у орқали амалга ошириладиган экспорт ҳажмини эса 2027 йилда 1 млрд долларга етказиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев 2026 йил 27 февраль куни Сурхондарё вилоятидаги йиғилишда маълум қилди.

Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, марказ аллақачон сезиларли натижаларни кўрсатмоқда. 2025 йилда унга 800 минг нафардан ортиқ Афғонистон фуқаролари ташриф буюрган, экспорт ҳажми эса 320 млн долларни ташкил этган.

Президент тадбиркор ва инвесторлар фаолиятни кенгайтириш ва марказ ҳудудида йирик ишлаб чиқариш қувватларини яратиш ташаббуси билан чиққанини қайд этди. Шу муносабат билан марказ майдонини 1000 гектаргача оширишга қарор қилинди.

Масъул идораларга марказ орқали экспорт ҳажмини жорий йилда 600 млн долларга, келгуси йилда эса 1 млрд долларга етказиш, шунингдек, қўшимча 10 мингта иш ўрни яратиш топширилди.

Давлат раҳбари янги лойиҳаларнинг амалга оширилиши савдо учун келувчи тадбиркор ва ташриф буюрувчилар сонининг бир неча баробар ортишига олиб келишини таъкидлади. Шу муносабат билан, қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш учун марказ ҳудудида махсус прокуратура ва ички ишлар органлари бўлинмаси фаолияти ташкил этилади.

Бундан ташқари, эндиликда марказ ҳудудида товарлар савдоси ва хизматлар кўрсатиш экспорт сифатида малакаланади. Уларга нисбатан қўшилган қиймат солиғининг ноль ставкаси қўлланилади.

Халқаро савдо маркази қурилиши ҳақида 2021 йилда президентнинг Сурхондарёга сафари чоғида гапирилган эди.

2024 йилда «Термиз» марказининг эркин савдо зонасида тўлов сифатида АҚШ доллари, евро, рубль ва юанни қабул қилишга рухсат берилди. Бундан ташқари, марказ ҳудудига махсус йўлак орқали 15 кунгача бўлган муддатга кириш визасини расмийлаштирмасдан киришга рухсат этилган.

2024 йил август ойида марказнинг очилиши бўлиб ўтди, унда савдо шохобчалари, меҳмонхоналар, жумладан Hilton Garden Inn, Akfa Medline тиббиёт маркази ва бошқа объектлар фаолият кўрсатмоқда.

Сўнгги 5 йил ичида Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги савдо ҳажми 2,5 бараварга — 2021 йилдаги 653 млн доллардан 2025 йилда 1,68 млрд долларгача ошди (ушбу ҳажмдан 1,5 млрд доллари Ўзбекистон экспортига тўғри келади). Кейинги марра — 5 млрд доллар.