Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 02/03/2026

Тошкент вилоятида болаларнинг оммавий заҳарланиши иши бўйича 11 киши суд олдида жавоб беради

2025 йил сентябрь ойида Тошкент вилоятидаги болалар боғчаларида болаларнинг оммавий заҳарланиши фактлари бўйича жиноят иши жиноят ишлари бўйича Бўка туман суди иш юритувига келиб тушди. Бу ҳақда Ўзбекистон Олий суди матбуот котиби Азиз Обидов маълум қилди.

Суд олдида 11 киши (дастлаб 7 киши қўлга олингани хабар қилинган эди) жавоб беради. Улар боғчалар учун маҳсулот ишлаб чиқариш ва етказиб бериш ҳамда хизмат кўрсатиш билан боғлиқ компанияларда (жумладан, тўртта аутсорсинг компанияси директорлари) раҳбарлик ва техник лавозимларни эгаллаб келган:

  • Р. О. (эркак, 1985 йилда туғилган, Тошкент вилоятида туғилган), Shark Milk Product директори.
  • С. С. (эркак, 1985 йилда туғилган, Тошкент вилоятида туғилган), Shark Milk Product таъсисчиси ва сотув бўлими менежери.
  • Ф. О. (эркак, 1990 йилда туғилган, Тошкент вилоятида туғилган), Shark Milk Product таъсисчиси ва директор ўринбосари.
  • А. С. (эркак, 1987 йилда туғилган, Қашқадарё вилоятида туғилган), Shark Milk Product бош технологи.
  • Р. Х. (эркак, 1982 йилда туғилган, Тошкент вилоятида туғилган), Shark Milk Product технологи.
  • М. Н. (эркак, 1991 йилда туғилган, Тошкент вилоятида туғилган), Shark Milk Product технолог ёрдамчиси.
  • Ж. Х. (эркак, 1993 йилда туғилган, Бухоро вилоятида туғилган), Governess Business директори.
  • Ф. Д. (эркак, 1993 йилда туғилган, Тошкент вилоятида туғилган), Kinder Garden Group директори.
  • И. С. (эркак, 2000 йилда туғилган, Сирдарё вилоятида туғилган), Innavation Outsourcing Servise директори.
  • Б. Р. (эркак, 1992 йилда туғилган, Сирдарё вилоятида туғилган), Nishon Invest директори.
  • Д. К. (аёл, 1997 йилда туғилган, Тошкент вилоятида туғилган), Shark Milk Product лаборанти.

Матбуот хизмати маълумотларига кўра, ҳозирда суд муҳокамасини тайинлаш масаласи ўрганилмоқда.

Уларга нисбатан Жиноят кодексининг 186-моддаси 4-қисми «б» банди (хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадида ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёхуд товарларни ўтказиш, ишларни бажариш ёки хизматлар кўрсатиш, бошқача оғир оқибатлар келиб чиқишига сабаб бўлса) ҳамда 257-1-моддаси 1-қисми (санитарияга оид қонун ҳужжатларини ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш) билан айблов эълон қилинган.

10 нафар айбланувчига нисбатан қамоққа олиш, бир нафарига нисбатан эса уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.

Айблов тафсилотлари

Ўзбекистон Республикаси Олий суди матбуот котиби Азиз Обидов айблов хулосаси маълумотларига таянган ҳолда қўшимча тафсилотларни маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, тергов давомида Р. О. ва бошқа фигурантлар Оққўрғон туманидаги Shark Milk Product корхонасида ишлаб, санитария қонунчилиги талабларига, Соғлиқни сақлаш вазирлиги кўрсатмаларига ва озиқ-овқат маҳсулотлари сифати ҳамда хавфсизлигига оид бошқа нормаларга тўлиқ амал қилмагани аниқланган.

Айблов материалларига кўра, улар олдиндан тил бириктириб, бир гуруҳ бўлиб, Пскент, Оққўрғон, Бўка, Қуйи Чирчиқ ва Бекобод туманларидаги 123 та давлат мактабгача таълим ташкилотларига аутсорсинг хизматларини кўрсатган ҳамда сут ва бошқа маҳсулотлар етказиб беришни таъминлаган Governess Business, Kinder Garden Group, Innavation Outsourcing Servise ва Nishon invest компаниялари мансабдор шахслари билан биргаликда ҳаракат қилган.

Айблов хулосасидан келиб чиқадики, маҳсулотларни совитиш ускуналари ишлайдиган ихтисослаштирилган автотранспортда етказиб бериш, сифатли товарни топшириш ва тегишли ҳужжатларни расмийлаштиришни назарда тутувчи шартномалар тузилган. Бироқ амалда санитария талаблари бузилган: маҳсулотлар шартномада кўзда тутилган тартибни четлаб ўтиб, тўғридан-тўғри мазкур туманлардаги боғчаларга етказиб берилган.

Тергов талқинига кўра, айнан шу ҳаракатлар болаларнинг оммавий касалланиши ва заҳарланишига олиб келган.

Контекст

Боғча тарбияланувчилари заҳарланиш белгилари билан шифохонага ётқизилаётгани ҳақида 2025 йил 25 сентябрь куни эрталаб маълум бўлган эди. Ўша куни кечқурун Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги шифохоналарда 109 нафар бола борлигини хабар қилди. Кейинчалик вилоят тиббиёт муассасаларига заҳарланиш шикояти билан 1922 нафар бола мурожаат қилгани маълум бўлди.

Терговнинг дастлабки натижаларига кўра, заҳарланишга Shark Milk Product компаниясининг кефир маҳсулоти сабаб бўлган бўлиши мумкинлиги айтилганди. Вилоятнинг Бўка, Пскент, Бекобод, Оққўрғон ва Қуйи Чирчиқ туманларидаги боғчаларга учта аутсорсинг компанияси хизмат кўрсатиши хабар қилинган. Уларнинг барчаси сут-қатиқ маҳсулотларини Shark Milk Product корхонасидан сотиб олган.

Пскент тумани учун Governess Business, Оққўрғон ва Қуйичирчиқ туманлари учун Nishon Invest, Бўка тумани учун эса Innavation Outsourcing Service аутсорс компаниялари масъул бўлган.

Тошкент вилояти ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси 25 сентябрь куни Жиноят кодексининг 257-1-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатган эди.

Ҳодисадан бироз аввал, 16 сентябрь куни Kun.uz нашри давлат боғчаларида овқатланишни аутсорсинг қилиш тизими ҳақида суриштирув эълон қилган, унда тадбиркорлар тендерлар ўтказишда эҳтимолий коррупция схемалари мавжудлигини таъкидлаган эди.

Шунга ўхшаш оммавий заҳарланиш ҳолати Оққўрғон туманида 2021 йилда ҳам содир бўлган, ўшанда 25 нафар бола жабрланган эди. Ўшанда жиноят иши Бош прокуратура назоратида экани айтилган. Натижалар ҳақида хабар берилмаган.

Shark Milk Product (Royal Milk савдо белгиси) ўша вақтда ҳам Оққўрғон тумани мактабгача таълим бўлимига сут маҳсулотлари етказиб берган. Заҳарланиш унинг маҳсулотлари билан боғлиқ бўлганми ёки йўқми, номаълум.

Ўша вақтда ягона таъсисчи Фазлиддин Фарходович Омонов бўлган (ҳозирда унинг улуши 90 фоизни ташкил этади). Mufasa Telegram-канали унинг Оққўрғон туманининг ўша пайтдаги ҳокими Фарҳод Ботирович Омоновнинг (кейинчалик Тошкент вилояти Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари, Тошкент вилояти ҳокими маслаҳатчиси, «Нуроний» жамғармаси вилоят бўлими раҳбари лавозимларида ишлаган, илгари эса «Ўзпахтасаноат» раҳбари бўлган) ўғли бўлиши мумкинлигини ёзган эди. 2021 йилнинг саккиз ойи давомида маҳсулот етказиб бериш ҳажми 503 млн сўмдан ошган, деб қайд этганди канал.